Ҳунаридан бахт топган аёл (видео)
Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Ғафур Ғулом маҳалласида ихчамгина тикув цехи бор. Биз мазкур цехга кирганимизда бошига қизил рўмол ўраган аёл ўрнидан турди. Юзида мулойим табассум пайдо бўлди.
— Моҳира Йўлдошева, — деди туман ҳокими ўринбосари Нигора Омонова биз билан уни таништираркан. — “Аёллар дафтари”дан чиқиб, бугун ўзи бошқаларга иш бераётган аёлларимиздан бири.

Моҳира Юлдашева бир вақтлар ёрдамга муҳтож аёллар сафида эди. Ҳаёт ташвишлари, рўзғор юки, фарзанд тарбияси… Қишлоқ аёли учун таниш бўлган бу синовлар уни ҳам четлаб ўтмаган. Аммо у қийинчиликлардан асло енгилмади. Меҳнатга ўзини урди.
Игна, ип, машина ва ҳаракат — унинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди.
1988 йилда Зомин туманида туғилган Моҳиранинг болалиги оддий оилада кечди. Орзулари ҳам оддий эди: тинч рўзғор, бахтли оила, фарзандлар камоли. 2013 йилда келин бўлиб тушгач, ҳаётнинг масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилди. Аммо унинг қалбида бир ўжар туйғу бор эди — “Мен фақат ўзим учун яшамаслигим керак!”.
У тикувчиликни касб эмас, нажот деб билди.

“Зарина пардалари” ва “Иффатли келин” ўқув марказларида ўз малакасини оширди.
— Мен бир нарсани яхши тушундим, — дейди Моҳира биз билан суҳбат асносида. — Аёл киши бировга қарам бўлиб қолмаслиги учун унинг қўлида ҳунари бўлиши шарт. Ҳунар аёлга нафақат даромад, балки қадр беради. Шунинг учун олдимга иш сўраб келган ҳар бир аёлга аввал: “Сиз кучлисиз” дейман.

Моҳира бу гапларни баландпарвозлик учун айтмайди. Бу — унинг ҳаётдан чиқарган хулосаси.
— Моҳиранинг ютуғи фақат тадбиркор бўлганида эмас, — дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулсуной Омонова. — У ўз ишчиларининг кўнглини кўтариб, уларга умид ва ишонч бера олади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг ҳақиқий қиёфаси Моҳирага ўхшаган тиниб-тинчимас, илғор аёлларимиз тимсолида яққол намоён бўлмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/6e6Gb5GdBDY?si=ztA_JQ7vjqbfIg2n" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдужалол Қаюмов (видео+сурат), ЎзА мухбири