Ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтириш таклиф қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этмоқда.
Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумларнинг фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади.
Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлари учун эса тадқиқот майдонига айланади.
Президентимиз ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди.
Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмдан оширилади.
Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин, энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади.
Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.
ЎзА