Ҳудудларда тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда
Инсон саломатлигини таъминлашда бирламчи вазифа сифатида унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу маънода аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш борасида Миллий тиббиёт маркази мутахассислари республика ҳудудларида тиббий кўриклар, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳамда ўқув-тренинглар ўтказмоқда.
Марказнинг мобил ангиограф кардиожарроҳлик комплекслари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритиб келмоқда. Натижада бугунга қадар 16 мингдан ортиқ фуқаро кўрикдан ўтказилди. Жумладан, 8 мингга яқин коронар ангиография амалга оширилиб, юзлаб беморларга стент қўйиш ва жарроҳлик амалиётлари тавсия этилди.

Шунингдек, ҳудудларда “Саломатлик марафонлари” доирасида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Сирдарё вилоятида 600 нафарга яқин фуқаронинг кўриш саломатлиги текширилди.

Юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари давом этмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Бундай операциялар республика бўйича 9 та вилоятда бажарилди.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятида инфаркт ва инсультга қарши курашиш бўйича тиббиёт ходимлари учун ўқув-тренинглар ташкил этилди.
Нозимбек Мардонов, ЎзА