Ҳудудлар мусаффолиги ўз қўлимизда
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида якунланган 2025 йилда Тошкент вилоятида баҳорги мавсумда 11 миллион 16 минг туп, кузги мавсумда эса 10 миллион 493,2 минг туп дарахт кўчатлари экилган.
Хусусан, кўчатлар парваришида агротехник қоидаларга қатъи риоя етиш, суғориш ишларини тизимли амалга ошириш бўйича мутахассислар иштирокида илмий-амалий семинарлар ўтказилди. Шунингдек, кўчат экиш ишларини ташкил етишда ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароити, суғориш тизимларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда кўчат етказиб бериш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўчат ярмаркалари жойларда савдо нуқталари ташкил этилди.
Бироқ ёз фаслининг жазирама иссиқ кунлари айрим ҳудудларда экилган кўчатларнинг қуриб қолган ҳолатлари ҳам аниқланди. Шу туфайли бу каби муаммоларни бартараф қилиш учун тегишли чоралар кўрилди. Жойлардаги раҳбар-ходимларнинг масъулият оширилди.

– Ҳар бир экилган кўчатларни озиқлантириш, суғориш, турли хил зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов бериш ва парвариш қилиш мақсадида масъулларга бириктирилди. Шу билан бирга, вилоятнинг 10 та туман-шаҳарда “Яшил ҳудуд” ДУК томонидан 26,4 гектар ер майдонида “Яшил боғ”лар, 25,7 гектар ер майдонда “Яшил жамоат парклари”, 25,2 гектар ер майдонда 14 минг тупдан ортиқ кўчатлар экилиб 46 та “Ҳокимлик яшил боғ”лари барпо этилди – дейди, Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси шўъба бошлиғи Бекмурод Сайфуллаев. – Ўтган йилда “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “Очиқ бюджет” портали орқали ғолиб бўлган ҳудудларда ўрмон хўжаликлари томонидан 10,4 гектар ер майдонида 23 та “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парклари” ташкил этилди. Мазкур ташаббус бўйича жамоатчилик фикри асосида яна саъй-ҳаракатлар давом этади. Бундан ташқари, 359 та маҳаллада 208 минг тупдан зиёд кўчат экилиб “Янги маҳалла боғ”лари барпо қилинди, мавжудлари эса кенгайтирилди.
Вилоят ҳудудидаги 173 та атроф-муҳитга таъсири бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси баҳор мавсумида 894 минг туп кўчатларни экиш ва “Яшил белбоғ”лар барпо этиш белгиланган.
А.Мусаев, ЎзА.