HR тренерларини тайёрлашга қаратилган халқаро дастур бошланди
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташаббуси билан инсон ресурслари (HR) соҳасида тренерларни тайёрлашга қаратилган инновацион ўқув дастурига старт берилди.
Бу дастур мамлакатда HR соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш ва замонавий бошқарув усулларини кенг жорий қилишга хизмат қилади.
Дастур халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилган бўлиб, HR мутахассислари учун Training of Trainers ва CIPD Level 3 малака ошириш курсларини ўз ичига олади. Лойиҳа PwC Academy билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Асосий мақсад HR мутахассисларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, замонавий бошқарув ва инсон капитали ривожига қаратилган илғор технология ва усулларни амалиётга жорий қилиш ҳамда келажакда HR тренерлари корпусини шакллантиришдир.
Дастурда кўп босқичли саралашдан ўтган иштирокчилар мамлакатимизда HR соҳасини ривожлантириш, корпоратив маданиятни юксалтириш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда фаол иштирок этади. Шунингдек, дастур орқали иштирокчилар HR стратегияларини ишлаб чиқиш, тренинглар ташкил этиш ва иш берувчиларга замонавий кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатлар бериш каби кўникмаларга эга бўлади.


Ўқув дастури шу йилнинг иккинчи ярмида мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳам амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу HR соҳасида миллий тренерлар базасини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган узлуксиз ташаббус сифатида амалга оширилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА