Ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўнгги ойда улар билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлар, ер ажратиш, рухсат олиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилганини таъкидлади.
Уч йил аввал бошланган ушбу лойиҳа доирасида давлат инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби муҳим объектларга йирик маблағ йўналтирмоқда. Ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Шу билан бирга, қурилишга хусусий секторни жалб этиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.
Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Янги аэропорт билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкин.
Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағи ҳисобидан қурилиш кетмоқда. Тадбиркорларга эса бор-йўғи 94 гектар ер ажратилган.
ЎзА