Ховосда “яшил уйлар” барпо этилмоқда
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг қамровли амалий тадбир ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур акция “Ҳар бир хонадон — ўз боғига эга” тамойили асосида амалга оширилиб, туманда том маънода яшил муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Акция Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, туман ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари, нуронийлар, ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирок этишиб, табиатни асраш ва унинг неъматларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

Айниқса, тадбир доирасида ташкил этилган амалий семинар аҳамиятли бўлди. Унда Фарғона вилоятидан таклиф этилган тажрибали боғбонлар ва аграр соҳа мутахассислари иштирок этишиб, кўчат экишнинг илмий асослари, тупроқ унумдорлигини ошириш, замонавий суғориш усулларини жорий этиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича амалий тавсиялар беришди. Бу эса тадбирнинг шунчаки акция эмас, балки узоқ муддатли самарага қаратилган тизимли ёндашув эканини кўрсатди.

Экологик ташаббус доирасида туманнинг 11 та маҳалласида 40 мингдан ортиқ сифатли мевали кўчатлар аҳолига бепул тарқатилди. Жумладан, олма, анжир, ёнғоқ, беҳи, олхўри, нок, гилос, шафтоли ва ўрик каби 9 турдаги дарахтлар хонадонма-хонадон экилиб, ҳар бир оила ўз ҳовлисида кичик боғ яратиш имконига эга бўлди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова мазкур ташаббуснинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, шундай деди:

– Бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш ҳар биримиздан фаоллик ва масъулият талаб этади. “Яшил макон” лойиҳаси нафақат кўчат экиш, балки жамиятда экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган муҳим ташаббусдир. Айниқса, “Ҳар бир хонадон — ўз боғига эга” тамойили орқали аҳолини бевосита жараёнга жалб қилиш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга эришилаётгани диққатга сазовор.

Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай ташаббуслар нафақат ҳаво сифатини яхшилаш ва иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилади, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш орқали ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, Ховосда амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар “Яшил макон” ғоясининг амалий ифодаси бўлиб, ҳар бир хонадонда боғ барпо этиш орқали келажак авлод учун соғлом ва барқарор муҳит яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири