Хотин-қизларнинг ислоҳотлардаги иштироки инклюзив тараққиётнинг муҳим шарти
Бугун халқаро ҳамжамият хотин-қизларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини барқарор тараққиёт, ижтимоий адолат ва самарали давлат бошқарувининг муҳим шарти сифатида баҳоламоқда. Зеро, жамиятнинг катта қисмини ташкил этувчи хотин-қизларнинг салоҳияти, ҳаётий тажрибаси ва қарашларидан тўлиқ фойдаланмасдан туриб, инклюзив тараққиётга эришиш қийин.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция муҳим сиёсий ҳужжат сифатида намоён бўлади. Унда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент қарорларини қабул қилишда мазмунли ва фаол иштирокини таъминлаш ижтимоий ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бу ёндашувнинг моҳияти шундаки, парламентда хотин-қизларнинг иштироки қанчалик кенг ва таъсирчан бўлса, жамиятдаги турли ижтимоий эҳтиёжлар қонунчилик жараёнида шунчалик тўлиқ акс этади. Таълим, соғлиқни сақлаш, оила, болалар манфаатлари, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва меҳнат ҳуқуқлари каби масалаларнинг кун тартибида муносиб ўрин эгаллаши ҳам кўп жиҳатдан вакилликнинг инклюзивлигига боғлиқ.
2025 йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида қабул қилинган Тошкент декларациясида ҳам хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кучайтиришга алоҳида урғу берилган. Бу ҳужжатда ижтимоий ривожланиш, адолат ва инклюзив сиёсатни таъминлашда парламентларнинг масъулиятига эътибор қаратилган.
Тошкентда илгари сурилган мазкур ғояларнинг кейинчалик БМТ даражасидаги резолюцияда акс этиши Ўзбекистоннинг парламент дипломатиясидаги ташаббускорлигини намоён этади. Бу жараён мамлакатимиз парламентининг нафақат миллий қонунчилик, балки глобал ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш ва улар бўйича халқаро ечимларни илгари суришдаги ролини ҳам кучайтираётганини кўрсатади.
Бугун юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва давлат бошқарувидаги иштироки изчил кенгайиб, уларнинг вакиллиги тобора мазмунли иштирок ва қарор қабул қилиш жараёнларидаги таъсир билан уйғунлашмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида хотин-қизлар улуши 38 фоизни, Сенатда 27 фоизни, маҳаллий Кенгашларда эса 25 фоизни ташкил этмоқда. Раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар улушининг 2020 йилдаги 26,5 фоиздан 2024 йилда 30,1 фоизга ошгани ҳам мазкур тенденциянинг изчил тус олаётганини кўрсатади. Шунингдек, сиёсий партиялар аъзоларининг 49 фоизи, партиялардаги раҳбарлик лавозимларининг 41 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мазкур кўрсаткичлар нозик ҳилқат вакилаларининг қонунчилик ва давлат сиёсати шаклланишига таъсир кўрсатаётган муҳим субъектга айланаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу жараённи хотин-қизларнинг ҳаётий тажрибаси, ижтимоий эҳтиёжлари ва ташаббусларини қарор қабул қилиш жараёнларига самарали олиб кириш имкониятларининг кенгайиши сифатида баҳолаш лозим.
Хотин-қизларнинг сиёсий иштироки, уларнинг парламентда нечта ўрин эгаллаши билан бирга, қарор қабул қилиш жараёнига қанчалик таъсир кўрсатаётганидир. Шунинг учун бугунги кун талаби вакилликдан мазмунли иштирокка ўтиш, яъни хотин-қизларнинг қонунчилик ташаббусларини илгари суриши, парламент муҳокамаларида фаол қатнашиши ва давлат сиёсатининг шаклланишига таъсир кўрсатишидир.

Бундай иштирок, аввало, давлат сиёсатининг ҳаётийлигини оширади. Чунки хотин-қизлар жамиятдаги кундалик ижтимоий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида оила, таълим, тиббиёт, меҳнат, ижтимоий хизматлар ва болалар тарбияси билан боғлиқ кўплаб масалаларни чуқур ҳис қилади. Уларнинг ушбу тажрибаси қонунчилик жараёнига кириб келганда, қабул қилинаётган қарорлар аҳоли эҳтиёжларига янада яқинлашади.
Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳам мазкур жараённинг муҳим қисми ҳисобланади. Муносиб меҳнат, касбий таълим, тадбиркорлик, молиявий имкониятлар ва меҳнат бозорида тенг шароитлар яратилиши нафақат хотин-қизларнинг ўзини, балки бутун оила ва жамият фаровонлигини юксалтиради. Шу боис, парламент учун гендер тенглиги масаласи ижтимоий сиёсатнинг барча йўналишлари билан узвий боғлиқ ҳолда кўрилиши муҳим.
Бу ерда парламент назоратининг ўрни ҳам беқиёс. Қонун қабул қилиш жараённинг бошланиши, холос. Асосий натижа эса унинг амалда қандай ишлаши билан белгиланади. Шунинг учун ижтимоий дастурларнинг самарадорлигини ўрганиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва аҳоли мурожаатларини қонунчилик қарорларига айлантириш парламентнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Хотин-қизларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки демократик институтларга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Фуқаро ўзининг эҳтиёжлари ва манфаатлари давлат қарорларида акс этаётганини ҳис қилса, давлат институтларига ишончи ҳам ортади. Демак, инклюзив вакиллик жамиятдаги ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилидир.
Айниқса, ёш хотин-қизларнинг сиёсий ва жамоат ҳаётидаги иштироки келажак учун муҳим инвестициядир. Бугун қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этаётган ёш авлод эртага давлат ва жамият бошқарувининг янги авлодини шакллантиради. Шу боис, ёшларнинг, хусусан, ёш хотин-қизларнинг билим, ташаббус ва лидерлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш узоқ муддатли тараққиётнинг муҳим шартидир.
Мамлакатимиз учун бу масаланинг аҳамияти янада кенг. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро кун тартибидаги мазкур ёндашувлар билан уйғунлашмоқда. БМТ резолюцияси эса бу жараёнга халқаро парламент дипломатияси нуқтаи назаридан қўшимча сиёсий таянч беради.
Энг муҳими, мазкур резолюция тараққиётнинг мазмунига янгича қарашни кучайтиради. Тараққиёт инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши ва мамлакат келажагини белгилашда ўз овозига эга бўлишидир. Шу маънода хотин-қизларнинг иштироки инсон капиталига инвестиция ҳамдир. Билимли, касбий салоҳиятли, иқтисодий жиҳатдан фаол ва сиёсий жараёнларда иштирок этаётган хотин-қизлар жамиятнинг интеллектуал ва ижтимоий салоҳиятини бойитади. Бу эса, ўз навбатида, оила фаровонлигидан тортиб миллий иқтисодиёт ва давлат бошқаруви самарадорлигигача бўлган кенг жараёнларга ижобий таъсир кўрсатади.
Бугунги глобал тажриба яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатмоқда: инклюзив жамият кучлироқ жамиятдир. Қарор қабул қилиш жараёнида турли фикрлар, ҳаётий тажрибалар ва ижтимоий эҳтиёжлар қанчалик кенг ифодаланса, қабул қилинаётган сиёсат ҳам шунчалик мувозанатли ва барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан хотин-қизларнинг иштироки демократиянинг ички сифатини белгилайдиган муҳим мезондир.
БМТ резолюциясида илгари сурилаётган ёндашувларнинг яна бир муҳим жиҳати хотин-қизлар, ёшлар ва бошқа ижтимоий қатламларнинг овозини эшитишдан, уларнинг қарор қабул қилишдаги реал таъсирига ўтишдир. Бу эса парламентларнинг жамият билан мулоқотини янада кучайтириш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, фуқароларнинг эҳтиёжларини қонунчилик жараёнига самарали олиб киришни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган мазкур резолюциянинг аҳамияти биргина халқаро ҳужжат қабул қилингани билан чекланмайди. У Тошкентда шаклланган парламент дипломатияси ташаббусларини БМТнинг глобал ижтимоий тараққиёт кун тартиби билан боғлаган муҳим қадамдир. Бу жараён Ўзбекистоннинг ижтимоий адолат, инклюзив ривожланиш ва инсон манфаатларига асосланган тараққиёт ғояларини халқаро майдонда илгари сураётганини кўрсатади.
Шу боис, хотин-қизларнинг парламентда, маҳаллий Кенгашларда ва давлат бошқарувидаги иштирокига сифатли давлат бошқаруви ва барқарор тараққиётнинг стратегик омили сифатида ёндашиш мақсадга мувофиқ. Зеро, қарор қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг овози қанчалик кучли эшитилса, жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжлари ҳам шунчалик тўлиқ намоён бўлади. Хотин-қизларнинг ислоҳотлардаги фаол иштироки эса адолатли, инклюзив ва барқарор тараққиёт сари очилган муҳим йўлдир.
Гулбаҳор Саидова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти илмий ходими