Хотин-қизларимиз ҳар соҳада фаол
Навоий давлат университетида Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ва Магистратура бўлими томонидан “Илмга бахшида умр” мавзусида олима аёллар ва магистрлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларимиз илм-фан, маданият, санъат каби соҳаларни ривожлантиришда фаол қатнашмоқда. Уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.

– Ҳозирги кунда вилоятдаги олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг қарийб 60 фоизга яқинини қизлар ташкил этмоқда. 300 нафардан зиёд қизларимиз олий таълим муассасаларининг магистратура, 124 нафари докторантура босқичида таҳсил олаётган бўлса, 145 нафар ёш олимамиз фалсафа фанлари доктори сифатида фаолият юритмоқда, – дейди Малика Мамадиярова. – Сўнгги 3 йилда қарийб 11 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар таълимдаги давлат имтиёзларидан фойдаланди. Уларга бу йўналишдаги дастурларга 12,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Айни пайтда 92 нафар аёлларимиз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутати саналади. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг фармони билан 7 нафар вилоятимиз хотин-қизлари турли даражадаги давлат мукофотларига сазовор бўлди. Уларнинг 2 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган бўлса, меҳнат ва жамоатчилик фаолиятида муҳим натижаларга эришган, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 5 нафар хотин-қизларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.

– Бугунги кунда Навоий давлат университетида 700 нафардан ортиқ ўқитувчи фаолият олиб бориб, уларнинг 420 га яқини хотин-қизларни ташкил этади, – дейди университет Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Насиба Турсунова. – Уларнинг орасида 300 нафар олима аёл бўлиб, 50 нафари профессор (DsC) илмий даражасига эга, 250 фалсафа доктори (PhD) ва фан номзодларидир.
Маълумки, юртимизда хотин-қизларнинг илм-фан сирларини чуқур ўзлаштиришини рағбатлантириш ва уларга кўмаклашиш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилган.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинган, – дейди университет Магистратура бўлими бошлиғи, профессор Нодира Муродова. – Дастурга мувофиқ, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши йўлга қўйилди. Хорижий олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура йўналишлари учун ҳар ўқув йилида белгиланган ўринларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грант ажратиляпти. Кўплаб ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилмоқда.

Тадбирда университетда мамлакатимиз тараққиёти ва илм-фан ривожи йўлида изланиш олиб бораётган хотин-қизларнинг самарали меҳнати, ижтимоий фаоллиги алоҳида эътироф этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири