Хотин-қизлар учун янги имкониятлар
Бухорода бандлик, касб-ҳунар ва меҳнат миграцияси масалалари ўрганилди. Аёлнинг касб эгаллаши — бир инсоннинг эмас, бутун бир оиланинг келажагига сармоядир. Унинг муносиб иш топиши, ўз меҳнати билан даромад келтириши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши нафақат оила фаровонлигини оширади, балки жамият тараққиётига ҳам хизмат қилади. Шу боис бугун хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Айниқса, меҳнат миграцияси масаласига келганда, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни хорижда ишлашга пухта тайёрлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда Ватанга қайтганидан кейин ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга мослашишига кўмаклашиш алоҳида аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борадаги асосий мақсад — ҳар бир аёлга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб даромад топиш ва ҳаётда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун имконият яратишдир.
Бухоро вилоятида ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоятда банк кредитлари ҳисобидан 58 мингдан зиёд тадбиркор аёлнинг умумий қиймати 1,6 триллион сўмлик лойиҳалари молиялаштирилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида эса 3,9 минг нафар хотин-қизнинг 110,7 миллиард сўмлик лойиҳалари қўллаб-қувватланган.
Шунингдек, вилоятда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизлар сони қарийб 130 минг нафарни ташкил этмоқда. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Молиявий оммабоп» кредит маҳсулоти доирасида жорий йилда 411 нафар хотин-қизга 18,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бу рақамлар хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бизнес ғояларини амалга ошириш ва мустақил даромад манбаларини яратиш учун молиявий имкониятлар кенгаяётганини кўрсатади. Бироқ масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор: ажратилган кредит ёки молиявий кўмакнинг ўзи якуний натижа эмас. Асосий мезон — ушбу маблағлар қанчалик самарали ишлатилаётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани, хотин-қизларнинг доимий даромадга эга бўлаётгани ва оилалар фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётганидир. Шу нуқтаи назардан, молиявий қўллаб-қувватлашни касбга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, бозор талабларини ўрганиш ва лойиҳаларнинг кейинги фаолиятини кузатиб бориш билан уйғунлаштириш муҳимдир.
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси О. Қозихонова ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари А. Умаров ва Ҳ. Ортиқовалар Миграция агентлигининг Бухоро ҳудудий филиалига ташриф буюриб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Ўрганиш давомида меҳнат миграциясида бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда Ватанга қайтариш ҳамда қайтганидан кейин улар билан манзилли ишлаш масалаларига эътибор қаратилди.


Шунингдек, хорижда меҳнат қилиш истагидаги хотин-қизларни чет тиллари ва замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, бугун хорижда меҳнат қилиш истагида бўлган инсон учун фақат иш топишнинг ўзи етарли эмас. У бораётган мамлакатнинг тилини билиши, касбий малакага эга бўлиши, меҳнат шартномаси шартларини тушуниши ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши керак. Бу омиллар, айниқса, турли қийинчиликларга дуч келиши мумкин бўлган хотин-қизлар учун ниҳоятда муҳим. Шунинг учун меҳнат миграциясига тайёргарликни ҳужжатларни расмийлаштириш билангина чеклаб қўймасдан, касбий таълим, ҳуқуқий маслаҳат, психологик тайёргарлик ва хориждаги меҳнат шароитлари ҳақида ишончли маълумот бериш билан бирга олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Миграциядан қайтган хотин-қизлар билан ишлаш ҳам алоҳида ёндашувни талаб этади. Уларнинг касбий тажрибаси ва орттирган кўникмаларини инобатга олиб, муносиб ишга жойлаштириш, тадбиркорликка йўналтириш ёки қайта тайёрлаш курсларига жалб этиш орқали меҳнат бозорига қайтишини енгиллаштириш мумкин.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг имкониятлари, меҳнат бозоридаги талаб ва аёлларнинг эҳтиёжларини чуқур ўрганиш зарур. Зеро, барча учун бир хил ечимни таклиф этишдан кўра, ҳар бир инсоннинг қобилияти, касбий қизиқиши ва оилавий шароитини ҳисобга олган ҳолда йўл-йўриқ кўрсатиш кўпроқ натижа беради. Масалан, тадбиркорликка қизиққан хотин-қиз учун молиявий кўмак ва бизнес юритиш бўйича маслаҳатлар муҳим бўлса, касб эгаллаш истагидаги аёл учун сифатли ўқув курслари ва амалиёт зарур. Хорижда ишлашни режалаштираётган хотин-қиз эса тил билими, касбий малака ва ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлади. Демак, бандлик сиёсатида ана шу фарқларни ҳисобга олиш, кўмакни аниқ эҳтиёжга қараб йўналтириш лозим.
Олий Мажлис Сенати ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокидаги ўрганишлар ҳам мавжуд имкониятларни баҳолаш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Ўрганишлар якунида аниқланган муаммолар ва мавжуд имкониятлар таҳлил қилиниб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
Хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги — оила барқарорлиги, ижтимоий ҳимоя ва жамият тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Ўз касбига, доимий даромадига ва келажак режасига эга аёл оиласи фаровонлигига муносиб ҳисса қўшади, фарзандларининг таълим-тарбияси учун кенгроқ имконият яратади ва жамият ҳаётида фаол иштирок этади.
Бухоро вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни ўрганишга қаратилган ишлар ана шу мақсадларга хизмат қилади. Энг муҳими, натижадорлик ажратилган маблағлар ёки ташкил этилган тадбирлар сони билангина эмас, балки ишли бўлган аёллар, барқарор даромадга эга оилалар, муваффақиятли тадбиркорлик лойиҳалари ва ҳуқуқлари ишончли ҳимояланган меҳнат мигрантлари мисолида намоён бўлиши керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири