Хотин-қизлар технологиялар оламида ўз ўрнини топмоқда
"ICT Week Uzbekistan 2026" АКТ ҳафталиги доирасида илк бор хотин-қизлар учун махсус ахборот бурчаги ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида “GAP Women IT Club” лойиҳаларига бағишланган «GAP билан янги имкониятлар сари» семинари ҳам ўтказилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу ҳамжамият бугун таълим, карьера, тадбиркорлик, етакчилик ва устоз-шогирд йўналишларида 10 дан ортиқ лойиҳа ва ташаббусни амалга оширмоқда.

Семинарда хотин-қизларни ахборот технологиялари ва рақамли технологиялар соҳасига жалб қилиш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, касбий ўсиши ва бандлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Бу йўналишдаги ишлар рақамларда ҳам кўринади. 2022 йилдан буён ўтказилган 40 га яқин тадбир орқали 10 мингдан зиёд хотин-қиз қамраб олинган. Ҳудудларда рақамли саводхонлик бўйича ташкил этилган тадбирларда эса 2 мингдан ортиқ аёл иштирок этган.

Ахборот технологиялари соҳасидаги хотин-қизлар учун илк миллий мукофот — «Yulduz Tech Awards» орқали 39 нафар аёл тақдирланган. «IT Drivers of Uzbekistan» лойиҳасидаги «12 та муваффақият» рукнидаги ҳикоялар эса ижтимоий тармоқларда қарийб 50 минг марта кўрилган.
Яъни рақамлар ортида оддий инсонларнинг ҳикоялари бор. Кимдир биринчи марта компьютердан фойдаланишни ўрганган, кимдир янги касб эгаллаган, яна кимдир технологиялар орқали ўз бизнесини бошлаш учун имконият топган.
Шунинг учун бундай ташаббусларнинг аҳамияти фақат семинар ёки тадбир ўтказиш билан чекланмайди. Баъзан инсонга ўзгаришни бошлаш учун катта имконият эмас, керакли маълумотнинг ўзи етарли бўлади. «Мен ҳам қила оламан», деган ишонч эса кейинги қадамга туртки беради.
Шунингдек, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ахборот бурчагида my.gov.uz портали бўйича статистик маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Бугун рақамли технологияларни билиш фақат IT мутахассислари учун керак эмас. Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш, онлайн таълим олиш, иш топиш, бизнес юритиш ёки янги касб эгаллашда ҳам рақамли кўникмалар тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Демак, технологиялар дунёсида аёллар учун эшиклар очиляпти. Энди энг муҳими — бу эшикдан киришга журъат қилиш.
Нигора Раҳмонова, ЎзА