Хотин-қизлар манфаати йўлида самарали ёндашувлар
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Оила ва хотин-қизлар масканларида аҳолига юридик ва психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш” мавзусида ташкил этилди.
Унда ҳудудлардаги Оила ва хотин-қизлар масканларига бириктирилган психологлар, ҳуқуқшунослар, туман ва шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбар ҳамда мутахассислари иштирок этди.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари Малика Мамадиёрова сўзга чиқиб, бугунги кунда оилаларда учраётган муаммоларни барвақт аниқлаш, фуқароларга сифатли психологик ва ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ҳамда Оила ва хотин-қизлар масканлари фаолиятини янада такомиллаштириш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 майдаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда оилавий маслаҳат хизматларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, никоҳланувчи шахслар учун оила психологияси, оила иқтисоди ва репродуктив саломатлик асослари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини самарали амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

– Бугунги кунда мурожаат қилаётган хотин-қизларнинг аксариятида ҳуқуқий муаммолардан кўра руҳий босим ва психологик муаммолар кўпроқ учрамоқда, – дейди Кармана тумани Оила ва хотин-қизлар маскани психологи Нилуфар Келдиёрова. – Шу боис ҳар бир мурожаат билан индивидуал ишлаш, инсонни тинглаш ва унга профессионал психологик кўмак кўрсатиш муҳим. Бундай семинарлар мутахассисларнинг касбий билим ва амалий тажрибасини бойитиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Учрашувда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган юридик, психологик ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Семинар доирасида мутахассислар ўз ҳудудларида учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича тажрибалари ҳамда амалиётда қўлланилаётган самарали усуллар юзасидан фикр алмашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири