Хотин-қизлар IT соҳаси бўйича ўқитилади
Андижонда “Digital girls” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар IT соҳаси бўйича таҳсил олади.
Мамлакатимизда ахборот коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусан, Президентимизнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонда 1 миллионта дастурчи тайёрлаш борасидаги топшириқ ва таклифлари асосида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кейинги уч йил давомида “Andijan digital city” технопарки томонидан вилоятда IT йўналишида 37 та марказ ташкил этилди. Амалга оширилаётган қатор лойиҳалар доирасида 1 минг 500 нафарга яқин IT соҳаси мутахассислари тайёрланди.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида вилоятда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, ахборот технологиялари соҳасида хотин-қизларни рақамли таълимга йўналтириш, уларни замонавий касбларга тайёрлаш, IT соҳасидаги билимларини бойитиш ҳамда масофадан туриб даромад топиш имкониятини яратиш мақсадида “Andijan digital city” технопаркида “Digital girls” лойиҳаси доирасида ўқув курслари ташкил этилди.
– Лойиҳанинг асосий мақсади, хотин-қизларнинг ахборот технологиялари бўйича билим ва малакаларини янада ошириш, хусусан, SMM асослари, график дизайн, 3D дизайн, дастурлаш йўналишларида ўқитиш орқали уларни замонавий касбларга ўргатишдан иборат, – дейди “Digital girls” лойиҳаси раҳбари Доно Солижонова. – Лойиҳа доирасида 1- босқичда 100 нафар опа-сингилларимиз таҳсил олса, кейинги босқичларда қизиқиш ва талабдан келиб чиқиб, уларнинг сони янада оширилади.
Грант асосида ташкил этилган мазкур ўқув курси хотин-қизларни замонавий IT дастурларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Курсни муваффақиятли тамомлаганларга тегишли сертификатлар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА