Хорижликларнинг Ўзбекистондаги меҳнат фаолиятига оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни янада тартибга солиш, ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш ҳамда миграция соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, лойиҳа билан чет эл фуқаролари ёки доимий равишда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби бузилган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Агар мазкур ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса ёки белгиланган жарима тўланмаса, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда муайян муддатга мамлакатимизга кириш ҳуқуқини чеклаш чоралари қўлланилиши назарда тутилган. Шунингдек, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқадиган судлар ва ваколатли давлат органларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилмоқда.
[gallery-30582]
Муҳокамаларда фракция аъзоси Зуҳриддин Мавлонов лойиҳада назарда тутилаётган айрим нормалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида қанчалик самарали ишлашига оид саволни ўртага ташлади. Жумладан, депутат чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг мамлакатимиз ҳудудида тасдиқнома олмасдан ёки амал қилиш муддати тугаган тасдиқнома асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилишига қарши эканини маълум қилди. Халқ вакили бу каби ҳуқуқбузарлик учун таъсир чораси фақатгина иш берувчига нисбатан қўлланилиши мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Қизғин муҳокамаларда депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда миграция соҳасида қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА