Хорижлик йўловчиларга 9,7 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди
Авиарейснинг бекор қилиниши йўловчи учун нафақат режалар ўзгариши, балки сарфланган маблағ билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Айниқса, чипта пули белгиланган муддатда қайтарилмаса, истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Рақобат қўмитасига мурожаат қилган икки нафар хорижлик фуқаронинг ана шундай муаммоси ўрганилиб, уларга 9 миллион 700 минг сўмдан ортиқ маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Қўмитанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хорижлик фуқаролар Б.К. ва Б.А. «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан рейслар бекор қилинганига қарамай, чипта учун тўланган маблағлар қайтарилмаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Ўрганиш давомида мурожаатчиларда Боку – Тошкент – Бангкок ҳамда Бангкок – Тошкент – Боку йўналишлари бўйича расмийлаштирилган авиачипталар мавжудлиги аниқланган.
Бироқ авиакомпания томонидан 13 июль куни Тошкент – Бангкок ва 20 июль куни Бангкок – Тошкент рейслари бекор қилинган. Шу сабабли йўловчилар зарурат туфайли янги авиачипталар харид қилиб, сафарларини бошқа йўналишлар орқали амалга оширган.
Шунга қарамай, аэропортда авиакомпания вакиллари томонидан чипта қийматини 100 фоиз қайтариш ҳуқуқини тасдиқловчи, авиакомпания муҳри қўйилган расмий қайтариш далолатномаси берилган бўлса-да, маблағ белгиланган муддатда йўловчиларга қайтарилмаган.
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида фойдаланилмаган авиачипталар учун тўланган 9 миллион 700 минг сўмдан ортиқ, яъни 808,62 АҚШ доллари йўловчиларга «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, юзага келган ноқулайликлар инобатга олиниб, авиакомпания томонидан истисно тариқасида ҳар икки йўловчига «Centrum Air»нинг исталган мунтазам йўналиши бўйича бир марталик бепул парвоз сертификати тақдим этишга қарор қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 21-моддасига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар ёки хизматларни олишга мажбур қилишга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундиришга ҳақли эмас.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА