Хорижлик харидорларнинг талаблари қандай? (+видео)
Ўзбекистон тўқимачилиги хориж бозорларига тобора кўпроқ кириб бормоқда.
Аммо маҳсулотни ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Уни Европа ёки АҚШ харидорига таклиф қилиш учун сифатдан ташқари, маҳсулотнинг таркиби, хавфсизлиги, ёрлиғи ва ҳужжатларига қўйиладиган талабларни ҳам билиш керак.
Айни масалалар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузурида ташкил этилган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш клуби доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда муҳокама қилинди.
Тадбирда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига чиқишда нималарга эътибор бериш кераклиги тушунтирилди. Хусусан, халқаро стандартлар, сертификатлаш, лаборатория синовлари, маҳсулот маркировкаси ва техник талаблар ҳақида амалий маълумотлар берилди.
Бугун Ўзбекистон тўқимачилиги учун ташқи бозор масаласи тобора муҳим бўлиб бормоқда. 2025 йилда соҳада экспорт ҳажми 2,6 миллиард долларга етди. Маҳсулотлар 75 та давлатга етказиб берилди. Экспорт қилувчи корхоналар сони эса 1 409 тага етган.
2026 йилда тўқимачилик экспортини 4 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган. Бунинг учун эса нафақат кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш, балки уни халқаро бозор талабларига мослаштириш ҳам муҳим.
Масалан, Европа бозорига чиқмоқчи бўлган корхона маҳсулот ёрлиғида тола таркибини тўғри кўрсатиши керак. Қайси тола қанча миқдорда экани, маҳсулот таркиби ҳақидаги маълумотлар аниқ ва тушунарли бўлиши талаб этилади.
АҚШ бозорида ҳам маҳсулот таркиби, ишлаб чиқарилган мамлакат, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар ва кийим-кечакни парвариш қилиш бўйича кўрсатмаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу ўринда тадбиркорлар учун муҳим бир жиҳат бор: хорижга чиқиш учун ҳаммага бирдек мос келадиган «битта сертификат» йўқ. Қайси мамлакатга, қандай маҳсулот билан чиқилаётганига қараб талаблар ўзгаради.
Масалан, OEKO-TEX стандарти маҳсулотда инсон саломатлиги учун зарарли моддалар бор-йўқлигини текширишга қаратилган. Органик тўқимачилик маҳсулотлари учун эса GOTS каби стандартлар муҳим бўлиши мумкин.
Демак, гап фақат сертификат олишда эмас. Корхона маҳсулотини қайси бозорга олиб чиқмоқчи бўлса, ўша бозорнинг талабини аввалдан ўрганиши, маҳсулотини синовдан ўтказиши, ёрлиқ ва ҳужжатларини шунга мослаши керак.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалаларни мутахассисларга бевосита бериб, сертификатлаш, лаборатория синовлари, маркировка ва экспортда учраётган техник тўсиқлар бўйича жавоблар олди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқаро стандартларга мослашиш — фақат сертификат олиш учун қилинадиган иш эмас. Бу корхонада сифатни ошириш, харидор ишончини қозониш ва янги бозорларга йўл очишнинг муҳим шартларидан бири.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео-монтаж), ЎзА