Хорижий журналистлар Хитой қишлоқ хўжалиги ютуқлари билан танишди
Бир гуруҳ хорижлик журналистлар Хитой шимоли-шарқидаги Хейлунцзянь музофотида бўлиб, фермер хўжаликларидан бирида "ақлли" қишлоқ хўжалиги технологиялари қўлланиши жараёнини суратга олди.
“Синьхуа” ахборот агентлиги хабар беришича, далалардаги учувчисиз ўрим-йиғим машиналари, пастлиг-у баландликда қўриқчилик қилаётган дрон, тупроқ намлиги, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳаракат йўналиши ва иш жараёни ҳақидаги маълумотлар ҳамкасбларимизда катта қизиқиш уйғотган. Рақамли қишлоқ хўжалигини бошқариш маркази улкан экранида тўғридан-тўғри намойиш этилган ҳосилни йиғиб олиш манзараси технологик жиҳатдан мукаммаллиги билан хорижий ОАВ мухбирларида ўзига хос таассурот қолдирди.
27-30 сентябрь кунлари АҚШ, Беларусь, Қозоғистон, Куба, Сингапур каби давлатлардан 30 га яқин журналист Чин юрти “ғалла кони» сифатида танилган ҳудуд билан яқиндан танишди.
Харбин ва Сзямуса шаҳарларида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналар, «ақлли» қишлоқ хўжалиги кўргазма зонасида бўлдилар.Н«Heilongjiang Huida Technology Co., Ltd.» корхонасида журналистлар маҳаллий даражада ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги техникаси ва ечимлари - дронлардан тортиб ақлли суғориш тизимларигача кўплаб мамлакат ва минтақаларга экспорт қилинаётганини кўриб, ҳайратда қолишди.
1000 гектарлик фермер хўжалигининг чеккасида улар ҳайдовчисиз ўрим-йиғим машиналари аниқ белгиланган йўналишлар бўйича қандай ишлаётганини, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун дронлар далаларни қандай патруль қилаётганини ва рақамли қишлоқ хўжалиги платформаси далалардаги вазиятни реал вақт режимида қандай кузатиб бораётганига гувоҳ бўлдилар.
Сингапурнинг «The Straits Times» газетасидан Ю Лун Тян бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кўплаб босқичларини мобил телефон орқали назорат қилиш ва бошқариш мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хитойлик фермерлар энди фақат жисмоний меҳнатга таянмай, унумдорликни ошириш учун технологиялардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.
Беларус Республикаси Миллий давлат телерадиокомпанияси ходими Ярослав Даниленко сунъий интеллектнинг қишлоқлардаги ролидан ҳайратда қолди.Ҳозирги вақтда Хитойда йиллик дон ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этувчи кузги дон экинлари ўрим-йиғими олиб борилмоқда. Хитой Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини модернизация қилиш соҳасидаги изчил тараққиёт туфайли Хитой 2026 йилда рекорд даражадаги дон ҳосили олиши мумкин.
Озиқ-овқат хавфсизлиги узоқ вақтдан бери дунё аҳолисининг деярли бешдан бир қисмини озиқ-овқат билан таъминлайдиган Хитой учун устувор вазифа бўлиб келган. Бироқ, геосиёсий ноаниқлик ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши фонида барқарор озиқ-овқат таъминотини таъминлаш тобора мураккаблашиб бормоқда.
Тўсиқларга қарамай, Хитойда 2024 ва 2025 йилларда йиллик дон ишлаб чиқариш ҳажми 700 миллион тоннадан юқори даражада сақланиб қолди. Аҳоли жон бошига дон билан таъминланганлик кўрсаткичи 500 кг дан ошди, бу ўртача жаҳон даражасидан юқоридир. Эришилган натижалардан сўнг, Хитой қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш режасини эълон қилди.
А. Маматов, ЎзА