Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини фильмлар орқали янада ошириш тизимини кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом;
Хорижий фильмларда Ўзбекистон Республикасининг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун маблағлар ажратилади:
2026 йил 1 ноябрга қадар хорижий кинокомпанияларга “rebate” дастури бўйича хизмат кўрсатиш, мамлакатнинг кинолокациялари, инфратузилмаси ва кинотуризмга доир маълумотлар базасини назарда тутувчи “Film in Uzbekistan” платформасини ишга тушириш;
маҳаллий кинолокацияларни халқаро кино кўргазмаларида тарғиб қилиш; хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасвирга олиш ишларига жалб қилиш, уларга фильмларни ишлаб чиқаришда кўмаклашиш ва “rebate” дастурини амалга ошириш жараёнларида ташкилий ва консалтинг хизматларини кўрсатиш;
хорижий фильмларда Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини намойиш қилувчи қисмини яратиш (“country placement”) дастурини амалга ошириш.
Туризм қўмитаси:
2026 йил 1 октябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда вазирлик ва идоралар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликларга тегишли, фильмларни тасвирга олиш учун жалб этилиши мумкин бўлган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, тарихий ёдгорликлар ва бошқалар) ҳамда реквизитлар (тарихий либослар, анжомлар, махсус техника ва бошқалар) рўйхати шакллантиради;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат объектлари ва реквизитларини хорижий кинокомпаниялар ёки уларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий сервис компанияларига вақтинча фойдаланиш ҳамда ижарага беришнинг тартиби ва тарифларини тасдиклайди;
б) объектлар, реквизитлар ва тарифлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар “Film in Uzbekistan” платформасига жойлаштирилади ҳамда уларнинг доимий янгилаб борилиши таъминланади.
Маданият вазирлиги 2026 йилда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Туризм қўмитасига хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кинофильмлар ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд сўм йўналтирилади.
2027 йилдан бошлаб мазкур маблағлар Туризм қўмитасининг прогноз кўрсаткичларига мувофиқ Давлат бюджетидан ажратилади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш назарда тутилган харажатлар суммаси:
3 млрд сўмгача бўлса - 10 фоиз;
3 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача бўлса - 15 фоиз;
5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлса - 20 фоиз;
10 млрд сўмдан ортиқ бўлса - 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 млрд сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
ЎзА