Хориждан қайтган аёлларни қўллаб-қувватлаш: иқтисодий барқарорлик сари муҳим қадам
Меҳнат миграциясида бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда Ватанга қайтгач муносиб иш билан таъминланиши бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда олиб борилаётган амалий ишлар доирасида мазкур масалаларга бағишланган навбатдаги семинар ташкил этилди.
“Аёллар меҳнат миграцияси бошқаруви ва хориждан қайтиб келган аёлларнинг иқтисодий қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этди.
Семинарни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева кириш сўзи билан очиб берди. У ўз маърузасида аёллар меҳнат миграциясини самарали бошқаришнинг асосий мақсади уларнинг хорижга хавфсиз ва қонуний тарзда чиқишини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ватанга қайтгач орттирган билим ва тажрибасини барқарор даромад манбаига айлантириш учун зарур шароит яратишдан иборат эканини таъкидлади.
Тадбир давомида ташқи меҳнат миграциясини хавфсиз ва тартибли ташкил этиш, хорижда меҳнат қилаётган хотин-қизларга ҳуқуқий ва ахборот кўмагини кучайтириш, уларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, қайтиб келган аёлларнинг бандлиги ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудудларда мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадқиқот натижалари тақдим қилиниб, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар кўриб чиқилди.
Семинар якунида аёллар меҳнат миграцияси соҳасида идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, манзилли хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда хориждан қайтган хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, хориждан қайтган ҳар бир аёлнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш нафақат унинг шахсий ҳаётида янги имкониятлар яратади, балки оила фаровонлиги, аҳоли бандлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА