Хориждан келаётган маблағларнинг 51,7 фоизи тўғридан-тўғри банк картасига тушган
Рақамли молиявий хизматлар аҳоли учун хориждан пул қабул қилиш ва валюта айирбошлаш жараёнларини тобора соддалаштирмоқда.
Ўзбекистонда аҳолининг хориждан маблағ қабул қилиши ва валюта операцияларини амалга оширишида рақамли каналлар улуши сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу тенденция аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш маданияти ўзгараётгани, масофавий хизматларга талаб ортиб бораётгани ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар инфратузилмаси кенгаяётганини кўрсатади.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида хориждан жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,8 миллиард доллари ёки 51,7 фоизи тўғридан-тўғри банк карталарига P2P ўтказмалари орқали келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ошган.
Яъни, хориждаги юртдошнинг Ўзбекистондаги оила аъзоси ёки бошқа жисмоний шахс банк картасига маблағ юбориши оддий ва оммалашган молиявий хизматлардан бирига айланмоқда. Хориждан маблағ кириб келишида анъанавий каналлар ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Ҳисобот даврида халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали 4,3 миллиард доллар, яъни жами тушумларнинг 46,7 фоизи келиб тушган.
SWIFT тизими орқали эса жисмоний шахсларга 142 миллион доллар, яъни 1,6 фоиз маблағ келиб тушган. Шу тариқа, хориждан аҳолига келаётган маблағларнинг асосий қисми икки йўналиш — банк карталарига тўғридан-тўғри P2P ўтказмалар ва анъанавий халқаро пул ўтказмалари тизимлари ҳисобига тўғри келмоқда. Рақамлашув жараёни фақат пул ўтказмалари билан чекланмаяпти. Аҳолининг валюта олди-сотди операцияларида ҳам масофавий хизматлар салмоғи ортиб бормоқда.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний шахсларнинг валюта олди-сотди операцияларининг 7,5 миллиард доллари ёки 39 фоизи онлайн тарзда амалга оширилган. Бу кўрсаткич бир йилда 27 фоизга ошган.
Қолган операцияларнинг 11,2 миллиард доллари ёки 59 фоизи валюта айирбошлаш шохобчалари, 404 миллион доллари эса 24/7 режимида ишловчи банкоматлар орқали амалга оширилган.
Бу рақамлар аҳолининг валюта операцияларини амалга оширишда ҳам анъанавий шохобчалар билан бир қаторда мобил иловалар ва бошқа масофавий каналлардан фаол фойдаланаётганини кўрсатади. P2P ўтказмалар ва онлайн валюта операцияларининг ўсиши, аввало, молиявий хизматларнинг тезкорлиги ва қулайлигини оширади. Фуқаро банк филиалига бормасдан маблағ қабул қилиши, картадан картага ўтказма амалга ошириши ёки валюта операциясини масофадан бажариши мумкин. Бу жараён нақд пул айланмасини қисқартириш, банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий операцияларнинг шаффофлигини оширишга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда рақамли операциялар ҳажмининг ортиши билан киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва шубҳали операцияларни аниқлаш масалалари ҳам долзарблашади. Амалдаги тартибларда банклар ва тўлов ташкилотларига айрим операцияларни мониторинг қилиш ва белгиланган ҳолатларда тегишли ахборотни ваколатли органларга тақдим этиш мажбуриятлари юкланган. Жумладан, 2026 йилда банк карталарига йирик миқдордаги маблағларнинг кириб келиши ва карталардан йирик суммаларнинг бошқа карталарга ўтказилиши шубҳали операцияларни аниқлаш мезонлари доирасида белгиланган.
Шу билан бирга, Марказий банк P2P ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш бўйича ҳам иш олиб бормоқда. Бу механизм рақамли тўловларни янада шаффофлаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш мақсадига қаратилган. Умуман, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги кўрсаткичлар Ўзбекистонда аҳолининг хориждан маблағ қабул қилиши ва валюта операцияларини амалга оширишида рақамли молиявий хизматлар аллақачон асосий каналлардан бирига айланганини кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА