Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Қатар Давлатининг “QNA” ахборот агентлиги Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Қатар Алоқа ва ахборот технологиялари вазири Муҳаммад бин Али Ал Маннаи учрашувини ёритди.
Мақолада ўзаро мулоқот чоғида икки давлат ўртасида IT технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор масалалар муҳокама қилингани таъкидланган.
Вазир Шерзод Шерматов Қатарнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш борасида эришган ютуқларини юқори баҳолаб, ўлканинг улкан имкониятлари ва малакали ходимлар тажрибаси туфайли алоқа ва замонавий маълумотлар марказларини ўз ичига олган илғор инфратузилма ва қулай муҳит яратишга муваффақ бўлгани, бу эса уни ахборот ва алоқа соҳасида глобал марказга айлантирганига эътибор қаратди.
Доҳада бўлиб ўтаётган “M360 Яқин Шарқ ва Шимолий Африка” конференцияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда Ш.Шерматов “QNA” мухбирига интервью берди.
– Ушбу тадбир бу борада барча манфаатдор томонларни бирлаштиришда муҳим роль ўйнайди ва инфратузилмани илғор ва мослашувчан қилишда ҳамкорлик учун янги уфқларни очади, -деди вазиримиз. – Биз Ўзбекистонда мамлакатимизни нафақат ахборот технологиялари компаниялари, балки туризм учун ҳам жозибадор қилиш учун очиқмиз.
Унинг таъкидлашича, навбатдаги конференция Ўзбекистонда Глобал мобил телекоммуникациялар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА