Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Мунаввар ришта
Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи ахборот агентлиги – SPA ҳамда “Ал-Йавм” (“Бугун”) газетаси саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга келгани, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг биринчи саммити доирасида Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказгани ҳақида батафсил ёзилган мақолалар эълон қилинди.

Нашрлар Валиаҳд давлатимиз раҳбарини бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаганини баён қилган.
Мамлакатимиз етакчиси, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига юртимиз фуқаролари ҳаж ва умра амалларини адо этишларида яратилган шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Музокараларда Ўзбекистон – Саудия муносабатини янада мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар кўриб чиқилгани, халқаро сиёсат юзасидан ҳам фикр алмашилгани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА