Хоразмликлар ҳам сайловда фаол иштирок этмоқда
12-Хоразм сайлов округи ҳудудида 553 сайлов участкасида соат 8:00 да сайлов жараёнлари бошланди.
Хоразм вилояти бўйича умумий сайловчилар сони 1 миллиондан ортиқни ташкил этади. Уларнинг 70 минг 382 нафари сайлов жараёнларида биринчи марта қатнашаётган ёшлар бўлиб, ўз ҳаётида илк бор сайловда овоз беради.
Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнидан бошланди ва 5 июль куни тўхтатилди. Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади. Муддатидан олдин овоз бериш кунларида Хоразм вилоятидаги сайлов участкаларида жами 11 минг 237 нафар сайловчи ўзи танлаган номзодга овоз берган.
[gallery-12653]
Округ ҳудудидаги сайлов участкаларида сайловчилар учун барча шароитлар яратилган. Барча участкалардаги жараёнларининг бориши билан боғлиқ маълумотлар 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг 17 нафар аъзолари томонидан қабул қилинмоқда. Шунингдек, фуқароларда сайлов жараёни билан боғлиқ саволлар туғиладиган бўлса, округ комиссиясидаги ишонч телефонларига мурожаатлар ҳам қабул қилинмоқда.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
Беҳзодбек Саидов (сурат), ЎзА