Хоразмда ёшлар фестивали
Хоразмда “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали ташкил этилди.
Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида илк маротаба инглиз тилида ОТМ ва профессионал таълим талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди. Шу билан бирга IT паркда “contest” олимпиадаси, ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” 2-мавсум ўқув йиғинининг очилиш маросими, “Ёшлар кутубхонаси” да эса китобхон “Ўзбекистон қаҳрамони” китоб танловининг тақдимоти ўтказилди.



Жалолиддин Мангуберди майдонида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида гала-концерт ўтказилди. Гала-концертнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, Хоразм вилоятида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Гала-концертда Райҳон Ғаниева, Сардор Тоиров, “Божалар” гуруҳи каби таниқли санъаткорлар, “Қувноқлар ва зукколар” терма жамоаси ва эстрада юлдузлари иштирок этди. Фестивалнинг иккинчи кунида Урганч ҳамда Хива шаҳарлари, Шовот, Янгиариқ, Хива ва Янгибозор туманларида тадбирлар давом этди. Жумладан, Шовот туманида минифутбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка, сузиш спорт турларидан мусобақалар ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашуви ҳамда республикадан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.



Фестивал давомида “Китоб карвони” лойиҳаси ҳам ўтказилди. Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди майдонида вилоятдаги олий таълим муассасаларига Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан нашр қилинган 3 мингдан ортиқ маънавий-маърифий, илмий-публицистик адабиётлар тақдим қилинди.
Маънавият фестивалида 6 минг нафар ёшлар иштирок этди. Янгибозор туманида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Ёш ошпазлар” танлови ўтказилди. Танлов натижаларига кўра 1-ўрин “Янги ёп”, 2-ўрин “Жайхун”, 3-ўрин “Қиёт” маҳалла ёшларига насиб этди. Ёшлар ойлиги доирасида Урганч давлат университетида спортнинг футбол ва волейбол турлари бўйича “Ректор кубоги” мусобақалари ташкил этилди.




Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири