Хоразмда кўп қаватли уй-жой фонди бўйича ярим йиллик якунлар таҳлил қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хоразм вилоятида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар якунлари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Йиғилиш Ҳудудий инспекция бошлиғи Шерзод Отаев раҳбарлигида ўтказилди.
Қайд этилганидек, ўтган олти ой давомида вилоятдаги 1 минг 959 та кўп квартирали уйдан 1 минг 207 тасининг техник ҳолати ўрганилди. Назорат тадбирлари натижасида туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар, шунингдек, уйларнинг таянч ва тўсиқ конструкцияларига ноқонуний аралашиш билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Уларнинг бир қисми ихтиёрий бартараф этилган бўлса, қолган ҳолатлар юзасидан судларга даъво аризалари киритилди.
Йиғилишда «Mening uyim» биллинг ахборот тизими орқали бошқарув сервис компаниялари фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, бошқарув қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижалари кўриб чиқилди. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар қўлланилди.
[gallery-30515]
Кўп қаватли уйларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳисобот даврида 1 минг 23 та уйда визуал ўрганиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, «Pasportbino.uz» электрон платформасига киритилган 38 та кўп квартирали уйда инструментал техник текширув ўтказилиб, уларнинг техник ҳолати бўйича тегишли хулосалар берилди.
Йиғилишда йилнинг иккинчи ярми учун белгиланган устувор вазифалар сифатида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш, бошқарув сервис компаниялари фаолияти самарадорлигини ошириш, сейсмик хавфсизлик юзасидан текширувларни сифатли ташкил этиш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни мустаҳкамлаш масалалари белгиланди.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА