Хоразмда камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ва касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Хоразмда ўрганилган камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги қайд этилди.
Бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб этиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас.
Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ва ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан банд. Бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.
646 нафар коллеж ўқувчиси ҳамда олийгоҳ талабасининг ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти бор.
Шунингдек, камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат билан шуғулланиш учун имконият яратиш мумкинлиги таъкидланди.
ЎзА