Хоразмда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда
Халқнинг дарду ташвишини тинглаб, уларга ечим топиш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш бугунги кунда ҳар бир давлат идорасининг олдига қўйилган вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда республика ишчи гуруҳининг жойларда доимий равишда оммавий сайёр қабуллари ўтказиб келинмоқда.
Хоразм вилоятида давом этаётган қабул жараёнларида суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатлари бўлган фуқароларни Олий суд масъул ходими М.Тожибаев, вилоят суди раиси Ш.Камолов, вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султонова ва раис ўринбосарлари эшитишмоқда.
Шовот туманининг Туркистон маҳалласида ташкил этилган қабулда жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан жами 37 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатлар асосан оилавий ва мулкий низолар, жазони енгиллаштириш, суд қарорларининг ижроси каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, фуқароларга судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳамда суд қарорлари устидан апелляция ва кассация шикоятларини бериш тартиби тушунтирилди.
[gallery-21429]
Мурожаатларнинг 33 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 3 та тафтиш тартибида шикоят аризаси ва 1 та илтимоснома қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисларида 14 нафар маҳкум жазони ўташда белгиланган тартиб-қоидага амал қилгани, тузалиш йўлига ўтганлиги ва бошқа ижобий ҳаракатлари инобатга олиниб, ЖКнинг 73-моддасига асосан суд томонидан тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Оилавий низо сабабли алоҳида яшаётган ва никоҳдан ажратиш ҳақида судга мурожаат қилган 2 та оила билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, яраштирилди.
Қабулларда ҳеч бир фуқаронинг масаласи эътибордан четда қолмади. Зеро, мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари