Хоразм: ўтмиш ва бугун мужассам замин
Ҳудудларда “ЎзА кунлари”
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг ҳудудлардаги фаолиятини янада жонлантириш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ахборот соҳасидаги стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, аҳоли билан мулоқотлар уюштириш мақсадида Хоразм вилоятида “ЎзА кунлари” деб номланган лойиҳа доирасида тадбирлар бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган тадбирлар Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетидан бошланди. Агентлик раҳбарияти ва таниқли журналистлардан иборат ижодий гуруҳ олий ўқув юртлари талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилари билан самимий мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида меҳмонлар олий таълим даргоҳи олимлари ва иқтидорли ёшлари томонидан яратилган инновацион маҳсулотлар намуналари билан яқиндан танишиб, ҳудудий илм-фан ютуқларига юқори баҳо берди.
Университетнинг ахборот-кутубхона марказида ЎзАнинг маҳоратли фотожурналисти Алимурод Мамадаминовнинг Хоразм спортига бағишланган “Спортимиз – фахримиз” номли шахсий фотокўргазмаси намойиш этилди. Ушбу экспозиция орқали иштирокчилар воҳа спортчиларининг зафарли лаҳзалари ва фотожурналистика санъатининг ўзига хос қирралари билан танишиш имконига эга бўлди.
Университетда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Ҳудойбердиев бошлиқ ижодий гуруҳнинг талаба-ёшлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Ниҳоятда қизғин ўтган учрашув аввалида университет ректори Феруза Мадраҳимова, Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов сўзга чиқиб, мамлакатимизда, хусусан, Хоразм вилоятида ёшларнинг эркин изланишлари, илм олишлари учун яратилган имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети мамлакатимизда ўз ўрнига эга таълим даргоҳларидан биридир. Университетда бугун 25 мингдан ортиқ маҳаллий ва ҳорижлик талабалар таҳсил олмоқда.
Учрашувда Х.Ҳудойбердиев талабаларга рақобатбардош кадр бўлиш учун доимий изланиш, чет тилларини мукаммал ўрганиш, ўз устида ишлаш, замонавий технологияларни чуқур эгаллаш ҳамда юртимизда яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги юзасидан фойдали тавсияларини берди.
–Учрашув жуда самимий бўлди, – дейди университет 3 -курс талабаси Нафосат Аҳмаджонова. – Тадбир давомида мамлакатимизнинг етакчи ахборот агентлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик. Мен ҳам журналистикага қизиқаман ва мен каби шу соҳага қизиқувчи ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Биз университетимиз матбуот хизмати қошида ёш мухбирлар клубини ташкил этиб, ўзимизнинг медиа материалларимизни ЎзА сайтига ҳам тақдим қилиб боришимиз ва вилоятимиздаги янгиликларни ёритишда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирдик. ЎзА раҳбарияти томонидан ушбу ташаббусимиз қўллаб-қувватланди.
Мулоқот давомида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Учрашув сўнггида университет ахборот -кутубхона марказига ЎзА номидан китоблар, фотокўргазмада намойиш этилган барча суратлар, махсус планшетлар, қулоқчинлар ҳамда “Mutolaa” иловаси бир йиллик бепул обунаси билан бирга совға қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида агентлик журналистлари Хоразм вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Урганч шаҳридаги “IMZO GLASS KHOREZM” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди.
"Imzo" бренди остида фаолият юритувчи жамият нафақат вилоятда, балки республика миқёсидаги энг замонавий ва йирик тобланган ойна, дераза ва эшик ромлари ишлаб чиқарадиган корхоналардан биридир.
Умумий қиймати 7 миллион доллар бўлган корхона йилига 300 минг квадрат метр қайта ишланган шиша ойна ҳамда 200 минг квадрат метр дераза ва эшик ромларини ишлаб чиқариш қувватига эга.
–Линияларимизнинг ишга туширилганига олти ой бўлди,–дейди корхона раҳбари Шайхназар Абдалниёзов. – Биз ойнани тоблаш орқали унинг чидамлилиги ва тиниқлигини оширамиз. Қирқ турдан ортиқ замонавий қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотларимиздан асосан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги қурилиш объектларида фойдаланилмоқда. Тез орада Туркманистон ва Қозоғистон Республикаларига экспортни йўлга қўямиз. Кейинги йилдан ойнани қайта ишлаш ҳамда ром ишлаб чиқариш линияларимиз алоҳида корхоналарга ажралади. Натижада ҳозир корхонамизда меҳнат қилаётган 120 нафар ишчининг сони икки баробар кўпаяди.
Шунингдек, агентликнинг ижодий гуруҳи “Ал-Хоразмий” массивида ҳам бўлиб, ушбу ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўздан кечиришди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2022 йил август ойидаги ташрифи чоғида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйган эди.
Бир юз ўттиз гектар майдонда барпо бўлаётган ушбу мажмуа келгусида шунчаки тураржой эмас, балки таълим, илм-фан ва инновацияларга асосланган яхлит экотизимига эга бўлган “ақлли шаҳар” (smart city) бўлади.
Сунъий интеллект асосида бошқариладиган энергия тежамкор технологиялар, видеокузатув ва хавфсизлик тизимларига эга шаҳарда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар шаҳарчада бунёд этиладиган илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатади.
–Шаҳарчада технопарк ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар қурилиши давом этмоқда, –деди “Ал-Хоразмий” мажмуасини барпо этиш ва сақлаш дирекцияси” давлат унитар корхонаси раҳбари Шерзод Оллаберганов. – Бунёдкорлик ишларига минглаб техника ва қурувчи мутахасислар жалб этилган. Ҳудудда 5 минг хонадонли 104 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш режалаштирилган. Ҳозир уларнинг 92 таси фойдаланишга топширилди. Натижада 3500 аҳоли уй-жой билан таъминланди. Марказий канализация ва бошқа инфратузилма тармоқлари ишга туширилди. Иншоотларнинг барчаси “ақлли технологиялар” асосида жиҳозланмоқда.
Дарҳақиқат, шаҳарчада бугун бунёдкорлик ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Шаҳарча марказида Абдулла Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий сайилгоҳи бўлиб, буюк алломанинг маҳобатли ҳайкали ҳам ўрнатилади. Бу маскан келгусида “Урганч” халқаро аэропортидан чиққан ҳар бир инсоннинг кўзини қувнатиб туради.
–Замонавий шаҳарча билан танишар эканмиз, бу ерда жуда катта кўламда бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик, –дейди агентлик бош муҳаррири Шерали Отабоев. – Буюк аллома Ал-Хоразмий меросини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш мақсадида барпо этилаётган мажмуа илм- фан кластери бўлади. Янги замонавий олий таълим муассасаси, IT-парклар, лабораториялар ва ёш олимлар учун тадқиқот майдончалари, таълимнинг узлуксиз занжирини яратиш учун боғчадан тортиб, юқори технологияли мактабларгача бўлган муассасалар – буларнинг барчаси мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш, ёшлар учун “стартап”лар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, IT тадбиркорликни ривожлантириш учун муҳит яратади. ЎзА жамоаси бу ўзгаришларни махсус материаллар, видео ва фоторепортажлар шаклида доимий равишда ёритиб боради.
“ЎзА кунлари” лойиҳасининг иккинчи кунида агентлик журналистлари Хива шуҳридаги “Арда Хива” замонавий сайёҳлик мажмуаси, “Нуриллабой саройи” ва “Ичан қалъа” каби қадимий манзилларда бўлиб, тариҳий обидалар ва асори атиқалар билан танишишди.
Ижодий гуруҳнинг илк манзили “Арда Хива” замонавий сайёҳлик мажмуаси бўлди. Бу ерда инсон кўзини қувонтирадиган жиҳат шундаки, мажмуа ўзида энг сўнгги меъморчилик ютуқларини жамлаган бўлса-да, Хоразмнинг миллий руҳи ва ўзига хос колоритини сақлаб қолган.
Бу ердаги шароитлар вилоятнинг туризм салоҳияти нақадар юксалаётганидан далолат беради. Сафарнинг кейинги манзили Нуриллабой саройи бўлди.
[gallery-28437]
Сарой айвонларидаги нафис ўймакорлик намуналари ва Хива хонлиги даврига оид меъморий ечимлар ҳар бир ижодкорни чуқур мушоҳадага чорлайди.
Бу ерда Шарқнинг сирли нафосати Ғарбнинг мумтоз услублари ила шу қадар усталик билан бирлашганки, гўёки сарой деворлари ўтмиш ва келажак ўртасидаги олтин кўприкка ўхшайди. Журналистлар саройнинг ҳар бир хонасида сақланиб қолган тарихий асори-атиқаларни кўздан кечирар экан, аждодларимизнинг юксак диди ва маданиятига яна бир бор тан беришди.
–Очиқ осмон остидаги музей- шаҳар "Ичан қалъа" дарвозаларидан ичкарига кирган одам хаёлан ўтмишга саёҳат қилиши шубҳасиз, – дейди Медиа марказ режиссёри Ёқубжон Мелибоев. – Кўҳна миноралар, мовий кошинлар ва тор кўчаларнинг ҳар бир тошида асрлар силсиласининг изи қолган. Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Худойберди Девонов музейи ва бошқа манзилларда бўлган киши ўзи учун беминнат маънавий озуқа олиши мумкин. Тарихни билмай туриб, бугуннинг қадрига етиш, келажакни қуриш мумкин эмас. Хоразм тупроғидаги ҳар бир қадимий манзил бизга ана шу оддий, аммо буюк ҳақиқатни эслатиб туради.
Агентлик ижодкорлари саёҳат давомида нафақат обидаларни томоша қилишди, балки мозий нафасини ҳис этиб, миллий меросимизни сақлаш ва уни дунёга тарғиб қилиш борасида янги ижодий режаларни ҳам мукаммаллаштиришди.
Икки кунлик тадбирлар мезбонларга ҳам, меҳмонларга ҳам кўп сабоқлар, ғоялар берди, деб ўйлаймиз. Янги фикрлар, ижодий режалар туғилди. ЎзА журналистлари бир олам ўй-фикрлар, ижобий таассуротлар билан пойтахтга қайтишди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари