Хонадонларга қуёш панеллари ўрнатилади
Булоқбоши туманида “Яшил энергия”дан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, қуёш панеллари ўрнатиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, элект энергияси таъминоти корхонаси масъуллари иштирок этган семинарда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий соҳа объектларини, аҳоли хонадонларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, айниқса, муқобил энергия турларидан фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчан энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Андижон вилоятида 1 минг 270 та ижтимоий соҳа объектига йилига 13,9 млн. к/ватт-соат энергия ишлаб чиқариш қувватига эга 12,7 меговаттли қуёш панеллари ўрнатиш белгиланган.
[gallery-18743]
Ушбу қарор ва бошқа қатор лойиҳалар доирасида вилоятда ҳозирга қадар жами 10 минг 390 та объектга 45 минг 520 кВт-соат, шундан 8 минг 224 та аҳоли хонадонига 14 минг 90 кВт-соат, 480 та тадбиркорлик субъектига 15 минг 160 кВт-соат, 816 та ижтимоий соҳа ва давлат идораларига 16 минг 270 кВт-соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Семинарда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов, Булоқбоши тумани ҳокими Фурқат Бўтахонов сўз олиб, тумандаги ташкилот, корхона, муассасалар ва аҳоли хонадонларига, шунингдек, йирик ишлаб чиқариш корхоналарига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
Семинарда мутахассислар томонидан мамлакатимизда яшил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича аҳоли учун қатор имтиёзлар жорий этилганлиги, ишлаб чиқариш корхоналарига қуёш панеллари ўрнатишнинг афзалликлари хусусида иштирокчиларга маълумотлар берилди, мавзуга оид кўргазмалар намойиш этилди.
Якунда қатор ижтимоий соҳа объектларига, шунингдек, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими томонидан шакллантирилган рўйхат асосида туманнинг турли маҳаллаларидаги 50 та хонадонга таъминотчи корхона томонидан қуёш панеллари ўрнатиш белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари