Хонадонлар фаровон, юртимиз кўркам бўлсин!
Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан фуқаролар йиғинлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Кексалар учун туризм ойлиги” ҳамда “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамиятимиздаги кўплаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, ҳаётимиз учун зарур бўлган барча жараёнларда фаол иштирок этувчи, маҳалла ва оилалардаги тинчлик-тотувлик, ободлик ва фаровонликни таъминловчи катта ижтимоий институтдир.

Президентимизнинг 2021 йил 18 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб иш шароитларини яратишда бугунги кунга қадар амалда бўлган мавжуд тизимни янада такомиллаштириш, маҳалла ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ мезонлари белгилаб берилган.

Унга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уни молиялаштириш, уларга бухгалтерия хизматларини кўрсатишда қатор муҳим ўзгаришлар йўлга қўйилди. Хусусан, ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилди. Айни вақтда юртимиздаги мавжуд 9 минг 259 та фуқаролар йиғинларининг 1 минг 504 тасида мингта ва ундан ортиқ хонадонлар мавжуд.
Шунингдек, фармонга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилиб, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 2021 йилнинг ўзида тегишли маблағ ажратилади. 2022 йилдан бошлаб эса ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади. Айни вақтда вазирлик томонидан мазкур вазифалар ижросини узликсиз равишда таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин ўтказилаётган “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Мазкур ойликни муносиб тарзда ўтказиш, кекса авлод вакилларининг саёҳатлари ва дам олишларини мароқли ташкил этиш, бу орқали ички туризмни ривожлантириш мақсадида юртимиздаги 210 та меҳмонхона ва меҳмон уйи хизматлари ва 115 та умумий овқатланиш жойларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.

Шунингдек, республикамиз ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш истагида бўлган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларга, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 25 фоиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 10 фоиз ва “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз чегирмалар тақдим этилди. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 та ҳудуд бўйича зиёратгоҳлар ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ишлаб чиқилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган вақт давомида юртимиз ҳудудида жами 315 минг 542 нафар кекса авлод вакилларини Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” боғига ҳамда вилоят марказларидаги зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларга саёҳатлари ташкил этилди. Мазкур саёҳатчиларнинг 7 минг 795 нафари 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалардир.

Шунингдек, вилоят марказларидаги музейлар, зиёратгоҳлар ва қадамжоларга салкам 5 минг нафар 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар ҳамда 190 минг 512 нафар нуронийлар, хусусан, ички туризм доирасида 2 минг 827 нафар 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар ҳамда 117 минг 235 нафар кекса авлод вакиллари саёҳатларга жалб этилди.
Ойлик доирасида 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда уйида ётиб қолган 61 минг 24 нафар, шифохонада даволанаётган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 6 минг 124 нафар кексалар ҳолидан хабар олиниб, керакли дори-дармон воситалари билан таъминланди.
Шу билан бирга уйида ётиб қолган 6 минг 852 нафар, шифохонада даволанаётган 2 минг 699 нафар якка ёлғиз яшовчи юртдошларимиз ҳам зарур дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Бундан ташқари 12 минг 860 нафар якка ёлғиз, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган кексаларнинг хонадонларида ҳашарлар ўтказилди.
Матбуот анжуманида айни кунларда юртимизнинг барча ҳуддаларида кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойлари, шунингдек, 2022 йил баҳор мавсумларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудларида 40 миллиондан ортиқ кўчатлар экилиши белгиланган. Ҳозирга қадар фуқаролар йиғинлари ҳудудида 13 миллион 332 минг 147 дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилди.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жорий йилнинг 10 декабрь кунига қадар давом этиши белгиланган “долзарб 40 кунлик” тадбирлари барча ҳудудларда уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси хонадонларни янада файзли, юртимизни кўркам, чиройли бўлиши йўлидаги эзгу интилишларнинг амалий ифодасидир.
Н.Усмонова, ЎзА