Хоккей спорт турини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ўзбекистон хоккей федерацияси олдида турган вазифалар ҳамда ушбу спорт турининг истиқболига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Хоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғофуров иштирок этган йиғилишда мамлакатимиз хоккей жамоаларининг бугунги ҳолати, ёш хоккейчиларни тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш истиқболлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида мамлакатимизда хоккей спорт турини янада оммалаштириш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудларда селекция тизимини такомиллаштириш, тренер ва ҳакамлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, терма жамоаларнинг халқаро майдондаги натижаларини янада яхшилашга қаратилган устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида келгусида қилинадиган устувор вазифалар белгиланиб, масъулларга қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан тегишли топшириқлар юкланди.
Т.Рўзиев, ЎзА