Ҳокимнинг аҳоли билан очиқ мулоқоти
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов вилоят телевидениеси орқали аҳолига мурожаат этиб, воҳа аҳли билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқот чоғида ўтган йили вилоятда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва жорий йилдаги вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Президентимизнинг вилоятга қаратаётган юксак эътиборлари туфайли мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш юзасидан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўтган йил вилоятда том маънода қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш йили бўлгани, аҳолининг асосий муаммолари ҳисобланган йўл, ичимлик суви, электр энергия таъминоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Жумладан, якунланган йилда воҳада 484 километр автомобиль йўлига асфальт ётқизилди. 1 минг 200 километр тупроқ йўлга тош тўкилиб, 14 та кўприк таъмирланди. Бу 2022 йилда амалга оширилган ишларга нисбатан уч баробарга кўпдир. Ҳудудларда 823 километр электр тармоғи тортилиб, 376 та янги трансформатор ўрнатилди. 2 минг 40 километр электр узатиш тармоғи ва 580 та трансформатор мукаммал таъмирланди.
–Лекин бу соҳада ҳали муаммоларимиз етарли,–деди вилоят раҳбари. – Жами трансформаторларнинг 2,2 мингтаси ёки 34 фоизи таъмирталаб бўлиб қолган. 317 мингта устуннинг 152 мингтаси ёки 48 фоизи ёғоч устун бўлиб, уларнинг 46 мингтаси яроқсиз ҳолатга келган. Буларни ҳам босқичма-босқич таъмирлаш, ёғоч устунларни бетон устунга алмаштириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими уй-жой қурилиши, аҳолини сифатли ичимлик суви, газ, кўмир ёқилғиси билан таъминлаш соҳаларида юз берган ўзгаришлар ҳамда жорий йилда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берди.
–Давлатимиз раҳбари раислигида янги йилнинг ўтган даврида олтита муҳим масала юзасидан йиғилиш ўтказилиб, жойлардаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди,–деди Улуғбек Қосимов.– Уларни бартараф этиш бўйича асосий вазифаларимиз белгилаб берилди. Шунга кўра, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали иқтисодиётимизни ривожлантириш, инвестиция дастурлари доирасида йирик саноат корхоналари ташкил этиш ва экспортни кўпайтириш, қурилишни тартибга солиш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл, сув ва электр энергия таъминотини яхшилаш, таълим,-тарбия, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳалари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳисобига йилига 2-3 марта ҳосил олиш масалаларида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, ишларни бошлаб юбордик.
Мулоқот чоғида вилоятда ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилашга жорий йил учун ажратилган маблағлар ва уларнинг сарфланиши хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Хусусан, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларига Жаҳон банкидан 100 миллион доллар ажратилгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилдики, бу маблағ эвазига 331 километр ичимлик суви тармоғи ва 6 та сув иншооти қурилади. 100 километр янги оқова сув тармоғи ва 9 та иншоот бунёд этилади. 56 та махсус техника харид қилинади. 320 километр йўл таъмирланиб, 45 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилади, таъмирланади, 1 минг 400 та кўча ёритиш тизимлари ўрнатилади.
“Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банкининг 97 миллион доллар маблағи ҳисобидан Шеробод, Музработ, Ангор, Бойсун ва Термиз туманларидаги 60 та маҳалла комплекс ривожлантирилади.
–Фурсатдан фойдаланиб, воҳамиз аҳлига мурожаат этмоқчиман,–деди вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов. –Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади”, деган яхши мақол бор. Ҳозир аҳолининг биргина электр энергияси истеъмолидан 53 миллиард сўм, ичимлик суви истеъмолидан 36 миллиард сўм, чиқинди ташиш хизматидан 42 миллиард сўм, мол-мулк ва ер солиқларидан 26 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд. Бу қарздорликлар вақтида тўланса, белгилаб олган катта марраларимизга янада тез ва самарали эришиб, қўшимча мактаб, боғча қуришимиз, йўлларни, электр тармоқларини таъмирлашимиз, ичимлик суви таъминотини янада яхшилашимиз учун қўшимча маблағ пайдо бўлади.
Вилоят ҳокими ўз мурожаатида қишлоқ хўжалиги, туризм, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим, тиббиёт каби соҳаларни юксалтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бошланган кенг кўламли ишларга эътибор қаратди. Бу ишларнинг барчаси кўп миллатли халқимизнинг обод ва фаровон турмушини таъминлашга, инсон қадрини улуғлашга йўналтирилгани хусусида сўз юритди.
Очиқ мулоқот чоғида фуқаролардан 1 минг 200 дан ортиқ мурожаат ва таклиф тушди. Студиядаги мутасаддилар билан уларга ечим топиш йўллари изланиб, ҳар бир мурожаатнинг ҳал этилиши қатъий назоратга олинди.
Қарийб уч соат давом этган мулоқот вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири