Ҳокимлар университетга кадр сўраб борди
Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида вилоятдаги давлат ва хусусий тиббий муассасалар, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари масъуллари иштирок этиб, битирувчиларни ўзларида мавжуд иш ўринларига таклиф қилди.
Тадбирда Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидаги даволаш-профилактика муассасалари ва тиббиёт бирлмашлари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Жорий ўқув йилида Самарқанд давлат тиббиёт университетини 750 нафар бакалавр мухахассис, 110 нафар магистр ҳамда 303 нафар клиник ординатура битирувчилари тамомлайди. Меҳнат ярмаркаси ва битирувчилар билан мулоқот давомида ҳозирги кунда Жиззахда 151 нафар, Қашқадарёда 169 нафар, Сурхондарёда 177 нафар, Навоийда 147 нафар шифокорга эҳтиёж борлиги қайд этилиб, битирувчилар ушбу ҳудудларга бориб фаолият кўрсатса, яратиб бериладиган шароит ва имтиёзлар ҳақида маълум қилинди.

Тадбир ва тарғибот ишлари бесамар кетмади. Университет битирувчиларининг 90 нафари Сурхондарё, 85 нафари Қашқадарё, 60 нафари Жиззах, 34 нафари Навоий вилоятларидаги даволаш-профилактика муассасаларига бориб ишлаш бўйича шартномалар имзоланди.
Шунингдек, айни кунларда туман ва шаҳар ҳокимлари олий ўқув юртларига бориб, битирувчиларни ўз ҳудудига ишга таклиф этмоқда. Жумладан, Ургут тумани ҳокими ва сектор раҳбарларининг Самарқанд давлат тиббиёт университети битирувчилари билан учрашувидан сўнг 14 нафар бўлажак шифокорлар туманга бориб ишлаш бўйича тиббиёт бирлашмаси билан шартнома тузилди. Жомбой тумани ҳокими эса Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига бориб, битирувчиларни тумандаги бўш иш ўринларига таклиф қилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА