Ҳокимлар олдига янги талаб: Инвестиция ва лойиҳалар аниқ ҳисоб-китоб қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Ҳокимлар қайси туманида қайси тармоқни қандай ривожлантириш, қайси лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.
Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази” ҳамда 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди.
Мисол учун, қурилиш материаллари тармоғига “ақл маркази” сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази ҳамда Материалшунослик институти ва Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.
Улар янги турдаги материалларга талаб, буни қоплаш учун қайси туманда қандай лойиҳа қилиш, қандай технологиядан фойдаланиш, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.
Барча тармоқ раҳбарларига “ақл маркази”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини шу ёндашув асосида таҳлил қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.
ЎзА