Ҳоким ёрдамчилари фаолияти қандай самара бермоқда?
Фарғона вилоятидаги маҳаллаларда 1 минг 62 нафар ҳоким ёрдамчиси фаолият кўрсатмоқда. Улар аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, ҳудудларда кичик бизнесни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари” ҳудуднинг анъаналари ва турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинди. Ўтган даврда ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 42 мингта лойиҳаларга 934 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 4 минг 200 дан зиёд ишсизларга 16,2 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. Шу билан биргаликда 18 минг нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.

Кичик бизнесни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги билан 18 минг 100 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Қиймати 966,6 миллиард сўмлик 2 минг 900 та “маҳаллабай” микролойиҳалар ишга туширилиб, 17 минг 800 та янги иш ўринлари яратилди. 3 минг 300 та хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилган бўлса, 410 та корхоналарга моддий ва ҳуқуқий ёрдам бериш орқали уларнинг фаолияти кенгайтирилди. 293 та паст қувватда ишлаётган корхоналарнинг фаолияти тикланди ва ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилди, 196 та бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Жорий йилда эса режа ва мақсадлар янада катта. Биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тадбиркорлик истагидаги фуқароларга 806 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига 40 мингдан ортиқ фуқароларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
М.Сулаймонов,
ЎзА