Ҳоким хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди
Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Анвар Нормаматов чет элда меҳнат қилаётган ва олий таълим муассасаларида ўқиётган ёшлар билан ZOOM платформаси орқали онлайн суҳбатлашди.
Очиқ мулоқотда 52 нафар ёш иштирок этди. Учрашувда туман раҳбари маҳаллаларда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, йигит-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан табриклади. Суҳбат чоғида уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, муаммолари муҳокама этилди. Хорижда меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ёшлар ўртага ташлаган масалалар таҳлил қилиниб, уларни ўрганиш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш, истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Онлайн учрашув якунида туман ҳокими хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар билан доимий алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва тажрибасидан ҳудуд ривожи йўлида фойдаланиш, илғор ташаббусларини жорий этиш тўғрисида фикр алмашди. Уларга ўзлари бўлиб турган давлат қонунчилигига амал қилиш, меҳнат қилаётган ёшларга техника хавфсизлигига риоя этиш, талабаларга яхши ўқиб, малакали мутахассис бўлиб етишиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири