Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бугун шундай учрашув ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов билан бирга Ички ишлар вазири ўринбосари Я.Абдулхаков, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Холматов, “Халқ банки” бошқарув раиси ўринбосари О.Шаропов ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов иштирок этди.
– Ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари бугун анъанага айланиб қолди, – деди Э.Турдимов. – Самарқанд шаҳрида, ўқув юртларида ёки жойларга чиқиб, маҳаллаларнинг ўзида ёшлар билан учрашиб, муаммо ва камчиликларни биргаликда муҳокама этяпмиз. Бу ёшлар учун ҳам, биз учун ҳам фойдали бўлмоқда.
Энди бундан буён учрашувларимизга республика вазирлик ва идоралари раҳбарларини ҳам таклиф этамиз. Чунки ёшларни қийнаётган муаммолар, масалалар орасида республикага боғлиқ бўлганлари ҳам учрайди. Учрашувларда вазирлар ёки бошқа масъулларнинг қатнашиши мурожаатларга тезкор ечим топишда катта туртки бўлади.
Учрашувда рақамлар, ҳисоботлар айтилмади. Бирдан савол-жавобга ўтилди. Савол берувчилар ҳам аввалдан тайёрланиб, фақат миннатдорчилик ва таклиф айтиш учун келмаган эди. Ҳар бир йигит-қиз ўзига ва тенгдошларига, маҳалласига тегишли муаммоларни айтиб, мутасаддилардан ёрдам сўради.
Пахтачи туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Абдураҳим Самадов сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қўшимча жиҳозлар сотиб олишда 237 миллион сўм кредитга эҳтиёж сезаётгани, аммо гаров таъминотида муаммога дуч келаётганини билдирди. Микрокредит банк вилоят филиали раҳбари ушбу масала билан шуғулланиб, муаммони уч иш кунида ҳал этишга ваъда берди.
[gallery-1840]
– Мен ўтган йил мактабни битирдим, ҳеч қаерда ишламайман, – дейди Нуробод тумани Улус қишлоғида яшовчи Диёрбек Эшқулов. – 20 гектар ер ажратиб берилса, интенсив боғ ташкил қилмоқчиман. Бу масалада туман ҳокимлигига мурожаат қилгандим, ўзим яшайдиган ҳудуддан 40-50 километр олисдан ер берамиз, дейишди. Лекин бу менга тўғри келмайди, шунинг учун ўзимга яқин жойдан ер ажратишда ёрдам беришингизни сўрайман.
– Бу масалангизни бир ҳафта муддатда ҳал қиламиз, – деди Э.Турдимов. –Туман ҳокими ёки ўринбосари ўзи сиз билан учрашиб, биргаликда бўш ерларни кўрсатиб, маъқул жойдан ер ажратишга ёрдам беради.
Самарқанд шаҳридаги 71-умумий ўрта таълим мактаби ёшлар етакчиси Наврўза Суярқулова шаҳардаги пиёдалар йўлаклари хонадон эгалари ва савдо дўконлари эгалари томонидан маҳсулотлар, реклама воситалари қўйилиб, эгаллаб олинганини билдирди. Шунингдек, мактабларда ўқитувчиларга дарс соатлари ажратишда номутаносибликлар борлигини айтиб, масъуллар ушбу масалани ўрганиб, адолатли тақсимот қилишда ёрдам беришни сўради.
Ушбу муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, ҳал этиш вилоят ички ишлар, бандлик ва халқ таълими бошқармаларига топширилди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан 66 та мурожаат қайд этилди. Бу мурожаатларнинг 27 таси кредит ажратиш, 15 таси ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир масала юзасидан масъуллар ва аниқ муддат белгиланди.
– Белгиланган вақтда муаммо ҳал этилмаса, менинг телеграм рақамим орқали мурожаат қилинг, бир ишнинг бошини тутдингизми охиригача боринг, ярим йўлда тўхтаб қолманг, – деди Э.Турдимов учрашув якунида.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА