Ҳоким тадбиркорлар билан учрашди
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси мажлислар залида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 180 нафар вакили билан учрашди.
Унда асосий эътибор мамлакатимизда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида энергия ресурсларидаги юзага келаётган узилишлар, тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш фаолиятидаги муаммоларга қаратилди.
Вилоят, шаҳар ва туманлардаги 4 та сектор ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида бевосита тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, энергия ресурслари узилиши оқибатлари ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида йиллик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қуввати 5 триллион 644 миллиард сўм бўлган 160 та субъектда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми 289 миллиард сўмга пасайганлиги ва 5 миллиард 400 миллион сўмлик нуқсонли маҳсулотлар ишлаб чиқилганлиги аниқланди.

Ўрганиб чиқилган корхоналар фаолиятини тиклаш ва кўрилган зарар миқдорини қоплаб бериш мақсадида уларнинг тижорат банклари олдидаги 117 миллиард сўмлик кредит тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаб бериш, солиқ тўловларидан бўлган 15 миллиард сўмлик қарздорликлар тўлов муддатларини узайтириш чоралари белгиланганлиги, ресурслар етишмаслиги оқибатида ишлаб чиқарилган нуқсонли маҳсулотлардан кўрилган зарарни қоплаб бериш айтилди.
Шунингдек, корхоналарнинг энергия ресурслари таъминотида узилишларни тўлиқ бартараф этиб, таъминотни яхшилаш чоралари кўрилаётганлиги таъкидланди.
Тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммо ва фаолиятидаги турли тўсиқларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА