Ҳоким ўринбосарлари ўқиди
Самарқанд вилоятида раҳбар кадрлар учун ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Тўрт кунлик семинарда туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар иштирок этди.
Ўқув-амалий семинарда асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида сўзлаган нутқларида белгилаб берилган ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрларининг вазифалар мазмун-моҳияти, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб номланган 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар тушунтирилди.

Дастлабки кунга машғулотларда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Ш.Сирожиддинов иштирок этиб, давлатимиз раҳбари маърузаларидан келиб чиқиб, раҳбар кадрлар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди. Белгиланган дастур ва режаларни ўз вақтида, сифатли бажариш, аҳоли учун қулайлик яратиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш раҳбарлар фаолиятига баҳо беришнинг асосий мезонлари экани таъкидланди.

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан соҳавий йўналишларда маърузалар қилинди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, семинар давомида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

– Маърузаларни эшитиб, ўқиб, олдимизда турган вазифаларни белгилаб олган бўлсак-да ўқув давомида давлатимиз раҳбари қайд этган ҳар бир йўналиш бўйича атрофлича тушунчага эга бўлдик, – дейди Булунғур тумани ҳокими ўринбосари Н.Санақулов. – Икки йилдан буён туманимизда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши давом этмоқда. Мазкур ҳудудда замонавий инфратузилма яратилиб, кўп қаватли уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилмоқда. Давлатимиз раҳбари эндиликда бундай шаҳарчалар қурилиши кенг кўламда давом этишини таъкидлади. Шу асосида ўқув- семинарда янги дастурлар, режалар ҳақида маълумотларга эга бўлдик.
Ўқув-амалий семинар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири