Ҳоким ўринбосарлари малака оширмоқда
Мамлакатимизда халқимиз фаровонлиги, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Наманганда бошланган шаҳар, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув-амалий семинари ҳам айни шу йўналишга қаратилди. Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган семинар аввалида, унинг иштирокчилари билан учрашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур анжумандан кўзланган мақсад-вазифалар хусусида тўхталиб, давлат хизматчилари учун яратилган имконият билим-малакаларни ошириш, фаолиятни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тўрт кун давом этадиган семинарнинг асосий мақсади – давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида сўзлаган нутқларида белгиланган ташаббуслар, шунингдек, 2025 – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да ижро ҳокимияти раҳбар кадрлари олдида турган муҳим вазифаларни ўрганиш ҳамда уларнинг салоҳиятини ривожлантиришдан иборат.
Қолаверса, тадбир мобайнида қатнашчиларга маҳаллабай ишлаш тизимининг замонавий ва самарали усулларини жорий қилиш орқали иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда маҳаллалардаги вакиллар фаолиятини мувофиқлаштириш, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини мазмун моҳиятини тушунтириш борасида тушунчалар берилади.

Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибни сақлаш, маҳалла ва кўчаларнинг хавфсиз бўлишини таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш, ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалардаги аҳолини янада қўллаб-қувватлашга доир билимлар изчил ўргатилади.
Иштирокчилар, ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини янги механизм асосида йўлга қўйиш, жойларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштиришга қаратилган долзарб маърузаларни тингламоқда.

Хусусан, ўқув-амалий семинарда Давлат бошқаруви академияси Фарғона ҳудудий филиали директори Умиджон Фозиловнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар ҳақида Сайхунобод, Уйчи, Ғиждувон ва Зарбдор туманлари тажрибалари мисолидаги тақдимоти ҳамда Наманган давлат университети ёшлар иқтисодиёти ва барқарор бизнес кафедраси мудири Баҳром Ўриновнинг “Аҳолини расмий иш билан таъминлаш, даромад манбаига эга қилиш, иш ўринларини қонунийлаштириш ва уларнинг солиқ ҳисоботида тўғри акс этиши” мавзусидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари республика олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислари томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсати, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш каби муҳим мавзуларда машғулотлар олиб борилмоқда. Тасдиқланган дастурга мувофиқ ўтаётган ўқув-амалий семинарда давлат хизматчилари учун вилоят мусиқали драма театрида спектакль намойиши ҳам бўлди. Ўқув-амалий семинар якунида иштирокчилар олган билимлари юзасидан тест синовларидан ўтказилади.
Қайд этиш даркор, ушбу семинар масъул раҳбарларни аҳоли билан ишлашда, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш учун бор куч-ғайратини сафарбар этиб ишлашлари учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА