«Ҳоким кубоги» ўз эгаларини топди
Спорт — бу нафақат ғалаба ва мағлубият, балки ирода, матонат, жамоавий ҳамжиҳатлик ва соғлом турмуш тарзининг муҳим мезонидир. Янгиер шаҳрида корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўтказилган «Ҳоким кубоги» спорт мусобақалари ҳам ана шу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда иштирокчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолиблик учун муносиб кураш олиб боришди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгуси устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мусобақаларда 200 нафарга яқин ходим иштирок этишди.

Беллашувлар эркаклар ўртасида мини-футбол, аёллар ўртасида эса шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича ташкил этилди. Спорт майдонидаги шиддатли баҳслар, мантиқий ўйинлардаги пухта ҳисоб-китоблар ва ҳар бир очко учун кечган кураш иштирокчиларнинг ғалабага бўлган интилишини яққол намоён этди.

Мусобақалар якунига кўра, мини-футбол бўйича Янгиер шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги қўриқлаш хизмати жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоаси иккинчи, «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг Янгиер шаҳар бўлими жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Стол тенниси бўйича Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Камола Аҳлиддинова ғолибликни қўлга киритди. Маданият бўлими ходими Шаҳзода Дадажонова иккинчи, шаҳар ҳокимлиги ходими Юлдуз Мусаева учинчи ўринга сазовор бўлди.

Шахмат баҳсларида Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Дилфуза Бегимқулова биринчи ўринни эгаллади. Спорт мактаби вакили Малоҳат Ўринбоева иккинчи, Мурувват уйи ходими Юлдуз Уммая учинчи ўринни қўлга киритди.
Шашка бўйича эса Тиббиёт техникуми ходими Матлуба Ғайипова энг яхши натижани қайд этиб, биринчи ўринга муносиб кўрилди. Мурувват уйи ходими Мавжуда Жиянова иккинчи, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Маъмурав Болиева учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар шаҳар ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири