Хизмат сафарига юборилган ходимнинг иш ҳақи қандай тўланади?
Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, хизмат сафарига юборилган ходимнинг иш ҳақи сақланади. Бунда иш ҳақи оддий ишланган кунлар учун ҳисобланадиган тартибда эмас, балки қонунчиликда белгиланган кафолатли тўлов сифатида амалга оширилади.
Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси ўқитувчиси Абдулазиз Абдураззоқов мазкур масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
— Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 279-моддасига мувофиқ, кафолатли тўловлар ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан қонунчиликка мувофиқ озод қилинган ёки ўз ихтиёрига зид равишда ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт учун ўртача иш ҳақи ёки тариф ставкаси (маош) миқдорида тўланадиган пул тўловлари ҳисобланади. Хизмат сафари даври ҳам ана шундай кафолатли тўловлар қўлланиладиган ҳолатлардан бири.
Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 280-моддасига асосан, иш берувчи ходим хизмат сафарида бўлган давр учун кафолатли тўловларни амалга ошириши шарт. Демак, хизмат сафари даврида ходимнинг иш ҳақи сақланади ва ушбу давр учун тўлов қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Учинчидан, Меҳнат кодексининг 257-моддаси ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини белгилайди. Унга кўра, ўртача иш ҳақи, қоида тариқасида, ўртача иш ҳақи сақланадиган ойдан олдинги 12 календарь ой давомида ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар асосида аниқланади.
Шунингдек, хизмат сафари даврида ходимнинг иш ҳақи сақланиши билан бир қаторда, унга хизмат сафарини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳам қопланади. Жумладан, йўлкира харажатлари, турар жой харажатлари, суткалик пуллар ҳамда хизмат сафарини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади. Ушбу компенсация тўловлари кафолатли иш ҳақидан алоҳида тўланади.
Хулоса қилиб айтганда, хизмат сафари даврида ходимга иш ҳақи тўлиқ ойлик маош тарзида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 257, 279 ва 280-моддаларига мувофиқ кафолатли тўлов сифатида ўртача иш ҳақи миқдорида тўланади. Шу билан бирга, хизмат сафари билан боғлиқ зарур харажатлар ҳам алоҳида компенсация қилинади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА