Хитойнинг жозибадор қишлоқлари (+видео)
Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси, Гуйян шаҳри Хуаси туманидаги сўлим табиатли ҳудудда кичик, аммо ўзига хос қишлоқ – Лунцзин жойлашган. Қишлоқ, аввало, буи халқи маданияти, анъаналари, миллий меъморчилиги ва қишлоқ туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан танилган. Аҳолининг қарийб 98 фоизини буи халқи вакиллари ташкил этади. Шу боис бу ерда миллий урф-одатлар ва анъанавий турмуш тарзи яхши сақланган. Қишлоқ кўчалари бўйлаб юрар экансиз, анъанавий турмуш тарзига мос қурилган уйлар, кичик майдонлар, кўп йиллик дарахтларни кўриш мумкин. Бундан ўн йилча аввал Лунцзин Гуйчжоудаги бошқа кўплаб қишлоқлардан унчалик фарқ қилмас эди. Аммо қишлоқ туризмини ривожлантириш аста-секин бу ердаги ҳаёт тарзига ҳам ўзгариш киритди.
Қишлоққа сайёҳлар кела бошлади, ресторанлар, дам олиш масканлари, кичик меҳмонхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари пайдо бўлди. Туризмнинг ривожланиши маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратди.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 2025 йилда Лунцзинга 230 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Туризмдан тушган умумий даромад эса қарийб 17 миллион юан яъни 2,2 млн долларни ташкил этган.
Бу рақамлар Лунцзинда маданият нафақат маънавий мерос, балки қишлоқ иқтисодиётининг муҳим манбаига айланганини кўрсатади.
Лунцзин тажрибасининг қизиқарли томони шундаки, бу ерда қишлоқ туризми фақат табиат манзаралари асосида қурилмаган.
Туристик жозибанинг асосини қишлоқнинг ўзига хос маданияти ташкил этади.
Сайёҳ бу ерга фақат уйларни томоша қилиш ёки суратга тушиш учун келмайди. У анъанавий кийимлар, халқ мусиқаси, рақслар, миллий таомлар, ҳунармандчилик ва урф-одатлар билан танишиш имконига эга.
2026 йилда Лунцзинда «қишлоқда дам олиш ва миллий байрамлар»ни бирлаштирган янги туристик йўналишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақсад сайёҳларни қишлоқда қисқа муддат бўлиш билан чеклаб қўймаслик. Уларга меҳмонхона ва хонадонларда яшаш, маҳаллий таомларни татиб кўриш, маданий тадбирларда иштирок этиш, қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини бериш кўзда тутилмоқда.
Шундай қилиб, Лунцзин қишлоқ маданиятини мустақил туристик маҳсулотга айлантиришга интилмоқда.

Лунцзиннинг Хуаси туманида жойлашган Гаопо мяо миллий волости ҳам йирик сайёҳлик марказига айланди.
Гаопо – Гуйян шаҳрининг энг баланд ҳудудларидан бири ҳисобланади. Унинг ўртача баландлиги денгиз сатҳидан қарийб 1500 метр, энг баланд Хуаси бўйлаб саёҳат сайёҳ учун жуда қизиқарли таассуротлар беради. Чунки нисбатан кичик ҳудуднинг ўзида турли этник халқларнинг маданияти, табиий ландшафтлар ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришнинг турли моделлари билан танишиш мумкин.

Қишлоқ катта шаҳарга ўхшашга интилмайди. Аксинча, унинг энг катта бойлиги сунъий равишда яратиб бўлмайдиган тарихи, маданияти, анъаналари ва одамларидир.
Кечқурун қишлоқ майдонида мусиқа янграб, чироқлар ёқилганда, миллий либосдаги аҳоли саҳнага чиққанда бир ҳақиқат аён бўлади: Лунцзин – шунчаки туристик қишлоқ эмас.
Бу ўтмиш ва бугун ёнма-ён яшайдиган маскан.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Iv0db4xcY9Y" title="Xitoyning jozibador qishloqlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА