Хитойнинг Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси делегацияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов ҳамда Хитойнинг Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси Илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Фан Гуоқуан бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Миллий марказ ва Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ўртасида аввал имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокамалар марказида бўлди.

Янги ташкил этилаётган академия олдига қўйилган устувор вазифалар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илмий натижаларни тижоратлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Ўз навбатида, Шинжон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси Илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Фан Гуоқуан Хитой қишлоқ хўжалиги илм-фанида қўлга киритилаётган ютуқлар, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш борасидаги тажрибалар ҳақида сўз юритди. У ўзбекистонлик ҳамкасблар билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолаб, келгусида қўшма илмий лойиҳалар, мутахассислар алмашинуви ҳамда инновацион технологиялар трансфери йўналишларида алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар селекция ва уруғчилик, замонавий агротехнологиялар, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда қўшма тадқиқотларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА