Хитойдаги иқтисодий “бум” тугадими? (+видео)
Биламизки, Хитой ўзи ишлаб чиқарган моллар билан бутун дунёни эгаллаган. Одамлар наздида ишлаб чиқариш, бизнес, замонавий технологиялар, савдо масалалари фақатгина Хитой билан чамбарчас боғлиқдек туюла бошлади. Албатта, кўпчиликнинг бундай хулосага келишига асос бор.
Хитой бу мавқега эришиш учун озмунча ҳаракат қилмаган. Энг муҳими бутун дунёда иқтисодиёти юксак даражага кўтарилганини тан олиш керак. Аммо, охирги пайтларда шундай давлатнинг иқтисодиёти таназзулга юз тута бошлаганини башорат қила бошлашди. Бу гапларда қанчалик жон бор ёки қандайдир сиёсий ўйинлар гирдобида бўлаётган шунчаки чалғитувчи гап сўзларми? Келинг, шундай башорат қилаётганларнинг хулосаларига назар соламиз. Масалан, The Wall Street Journal шарҳловчилари Линлин Вэй ва Стелла Ифань Се - “Хитойда қирқ йил давом этган гуркираб ўсиш даври тугади.
Камбағал, камтараққий мамлакатни иқтисодий суперкучга дўндирган модел ортиқ ишламайди ” – деб ёзишди. Уларнинг бундай кескин хулосалар чиқаришига нималар сабаб бўлди? Хулосаларни тушуниш учун улар келтирилган таҳлилларга эътиборингизни қаратамиз. Уларнинг ёзишича, узоққа чўзилган иқтисодий ўсиш заводлар ва осмонўпар бинолар қуришга, инфратузилмаларга катта сармоялар тикишга имкон берди.
Қурилиш сектори меҳнат, моддий ва молиявий ресурсларга катта талабни вужудга келтириб, иқтисодий тараққиётни юқори суръатда тутиб турди. Бироқ ушбу модел табиий сабабларга кўра ўз кучини йўқотди: хитойлар барча зарур нарсаларни қуриб бўлишган, ҳатто ортиғи билан. Натижада мамлакатда сотилмаган миллионлаб квартиралар, устидан ҳеч ким юрмайдиган йўллар ва кўприклар, ҳеч ким учмайдиган аэропортлар пайдо бўлди.
Хитой иқтисодиёти ростдан ҳам тушкун даврни бошдан кечирмоқда – деб ёзади таҳлилчилар. Масалан, уларнинг хулосаларига кўра иккинчи чорак статистикаси кутилганидан анча ёмон чиққан. Олдинги чоракка нисбатан ўсиш 0,8 фоизга сусайган. Июль ойи натижалари эса янада нохуш: мамлакатда йиллик маънодаги дефляция қайд этилган. The Financial Times манбаларига ишонилса, Хитой ҳукумати вазиятни салбий изоҳ ва прогнозлар беришни норасмий тақиқлаш йўли билан ўнгламоқчи, бундан яхшироқ чора топа олишмаяпти. Тақиқни иш берувчилар ҳам, маҳаллий телевидение ҳам жорий қилган. Бинобарин, иқтисодчи ва таҳлилчилар Хитой молларининг арзонлаши ва мамлакатдан капитал чиқиб кетиши каби “нозик” мавзуларга тил теккизмайди, “дефляция” деган сўз истилоҳдан чиқарилади – ўрнига “мўътадил” ёки “паст инфляция” атамаси қўлланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cWRnvOPz5m0" title="Хитой иқтисодий мўъжизасига нима бўлаяпти" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Хитой иқтисодий мўъжизаси манбаига кенгроқ қарайдиган бўлсак, уни икки сўз билан таърифлаш мумкин: шаҳарлашув ва саноатлашув. Ўтган асрнинг 80-йилларига қадар қарийб миллиардлик аҳолисининг катта қисми камсамар қишлоқ хўжалигида банд бўлган мамлакат катта технологик сакраш қилди. Қишлоқ хўжалигининг механизациялашуви саноатни битмас-туганмас арзон ишчи кучи билан таъминлади.
Маҳсулдорликнинг мислсиз ўсиши ва сон-саноқсиз ишчилар Хитойни “дунё фабрикаси”га айлантирди: бу фабрика арзон кенг истеъмол маҳсулотларидан бошлаган бўлса-да, тез орада энг замонавий ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ўрганиб олди. Юз миллионлаб деҳқонларнинг шаҳарга оқиб бориши эса қурилиш соҳаси гуркираб ривожланишини таъминлади.
Бироқ муаммо шундаки, саноатлашув ва шаҳарлашув йўлидан фақат бир марта ўтилади. Хитой бу йўлдан ўтиб бўлди. Демак, модель ўз умрини яшаб бўлди, дейиш ноўрин эмас. Аслида буни ўн йилча олдин, Хитой Компартияси раҳбарияти мамлакатни экспортга тобеликдан қутқариш ва ички талабни оширишга эътибор қаратишга уринганидаёқ яшириб бўлмай қолган эди.
Кенг кўламли рағбатлантиришлар ва инфратузилмаларга ётқизилган триллионлаб сармоя ўсишни яна бирон ўн йилга давом эттирди. Бунинг товони сифатида эса иқтисодиётда ялпи қарз шиддат билан ошиб бориб, 2022 йил бошида ЯИМнинг 300 фоизига етди ва Хитой бу борада АҚШдан ўзиб кетди. Айниқса, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун зўр бериб қарз олган Хитой вилоятларида вазият жуда ёмон тус олди. Марказий ҳукумат чекловлар жорий этгач, вилоятлар махсус ташкил этилган ширкатлар орқали қарз ола бошлади. Халқаро валюта фонди Хитойдаги “балансдан ташқари” ҳудудий қарз салмоғини 9 триллион долларга баҳоламоқда.
Дунёнинг иккинчи иқтисодиёти бўлмиш Хитойда айни пайтда энг нозик соҳа бу кўчмас мулк бозори бўлиб, унда таклиф тўловга лаёқатли талабдан ортиб кетганига неча йиллар бўлган. 60 триллион доллар пул айланадиган соҳа тақдири қил устида турибди, деб ёзишмоқда улар.
Масалан, шу ойда мамлакатнинг энг йирик қурилиш ширкатларидан бири – China Evergrande Group банкротликдан ҳимоя истаб Нью-Йорк биржасига мурожаат қилган ва 300 миллиард долларлик қарзини қайта структуризация қилиш учун вақт сўраган.
Шунингдек, чет эл инвесторлари Хитой қимматбаҳо қоғозларидан тезроқ қутулиш пайига тушганлар.
Буни юан заифлашаётганидан ҳам, Хитой фонд бозорининг бугунги аҳволидан ҳам билса бўлади. Гап – инқироз нечоғли чуқурлашишида ва Хитой иқтисодиёти ундан сўнг қайтадан ўса олиш-олмаслигида. Кўплаб таҳлилчилар Хитой иқтисодиёти 90-йиллардан бери депсиниб қолган Япониянинг аччиқ тажрибасини такрорлайди, дея башорат қилишмоқда. Хитойдаги инқироз кучайса унинг яқин ҳамкорлари бўлган бошқа давлатларда аҳвол қандай бўлиши мумкин? Назаримизда The Wall Street Journal шарҳловчиларининг таҳлилларида бироз бўрттириш бордек, яна ким билади, буни фақат башорат қилиш мумкин. Қолганини эса вақт кўрсатади.
К. Бекжонов