Хитойда Ўзбекистон олий таълим салоҳияти намойиш этилади
Хитой Халқ Республикасининг қадимий ва замонавий уйғунлашган Сиань шаҳрида учинчи “Хитой–Ўзбекистон ҳудудлараро ҳамкорлик” халқаро форумига старт берилди.
Мазкур нуфузли форум доирасида ташкил этилаётган “Study in Uzbekistan” миллий таълим кўргазмасида иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг 44 та етакчи олий таълим ташкилотидан иборат делегация Сиань шаҳрига етиб борди.
“Study in Uzbekistan” кўргазмаси Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро салоҳиятини намойиш этиш, хорижий талабаларни мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига кенг жалб қилиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги илмий, академик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари томонидан таълим дастурлари, халқаро алмашинув лойиҳалари, илмий-тадқиқот йўналишлари ҳамда хорижий талабалар учун яратилган имкониятлар тақдим этилади. Шунингдек, университетлар ўртасида янги ҳамкорлик меморандумлари ва қўшма дастурларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА