Хитой япон компанияларини мамлакат бозори имкониятларидан фойдаланишга чақирди
ХХР Япония компанияларини мамлакатда бизнес фаолиятини кенгайтириш ва Хитой бозори имкониятларидан биргаликда фойдаланишга чақирди.
“Синьхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн Пекинда Япония халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси делегацияси билан учрашувда маълум қилган.
Хэ Лифэн Хитой ва Япония яқин қўшнилар ҳамда муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорлар эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, расмий Пекин томони япон компанияларининг мамлакатда бизнесини ривожлантириши ва Хитой бозори тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишини қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, у Ассоциацияни Хитой ва Япония ўртасидаги дўстлик анъаналарини давом эттириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда икки ўлка савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга чақирди.
Ўз навбатида, Япония халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси раиси Такэси Ивая япон ишбилармон доиралари ХХР билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Япония бизнес вакиллари икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшишга тайёр.
А.Маматов, ЎзА