Хитой учун бошқа “Olma”: компания бошқа AI моделини яратди
"Apple" Хитой бозори учун махсус катта тил моделини ишлаб чиқди. Лойиҳа "Alibaba" билан ҳамкорликда амалга оширилган. Бу компаниянинг Хитойда сунъий интеллект хизматини маҳаллий услубга таяниб ишга тушириш режасидан фарқ қилади.
“Apple Intelligence” СИ платформаси яқин ойларда ишга туширилади. Мазкур маҳаллий тизимда “Alibaba”нинг “Qwen” модели ҳамда “Baidu” технологиясидан фойдаланиш режалаштирилган. “Apple” тайёрлаган вариант нима вазифани бажариши ва бошқа тизимлар билан қандай ишлаши ҳозирча аниқ эмас.
“Apple” учун Хитойдаги СИ имконияти муҳим аҳамиятга эга. Компаниянинг маҳаллий рақиблари, хусусан “Huawei” СИ функциясига эга қурилмаларни жадал ривожлантирмоқда. Хитойдаги “iPhone”ларда AI функцияси мавжуд эмаслиги ҳам сўнгги вақтда сотувга таъсир қилган омил сифатида кўрсатилган.
Ушбу янги модел Пекиннинг қатъий талабини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Ўтган ой Хитой кибер макон маъмурияти компаниянинг генератив AI хизматини рўйхатдан ўтказиб, “Apple Intelligence”ни маҳаллий “iPhone”да ишлатишга йўл очди. Демак, “Apple” Хитой ҳукуматидан ўз AI моделини тақдим этишга рухсат олган илк хорижий компанияга айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА