Хитой компанияси йирик лойиҳани амалга оширади
Бухоро шаҳри яна бир улкан ва тарихий лойиҳа остонасида турибди. Юртимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда халқаро мусобақаларни юқори савияда қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида вилоят марказида замонавий марказий стадион мажмуасини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг нуфузли компанияларидан бири — China CAMC Engineering Co., Ltd. (CAMCE) компаниясининг Шимолий-ғарбий минтақадаги бош менежери Луо Ки бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида CAMCE компанияси томонидан Бухоро шаҳридаги “Янги Ўзбекистон боғи” ҳудудида қурилиши кўзда тутилаётган янги марказий стадион мажмуаси бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Компания мазкур йирик қурилиш лойиҳасида иштирок этиш истагини билдириб, ўзининг замонавий архитектура ва муҳандислик ечимларини намойиш қилди.
Мулоқот чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланаётгани, давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари натижасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Бухоро вилоятида ҳам хитойлик инвесторлар иштирокида саноат, энергетика, инфратузилма ва қурилиш соҳаларида қатор истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Учрашувнинг асосий мавзуси бўлган янги спорт мажмуасини барпо этиш билан боғлиқ ташкилий ва техник масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари мазкур стадион нафақат Бухоро, балки мамлакатнинг энг замонавий футбол иншоотларидан бирига айланиши лозимлигини таъкидлади. Шу боис лойиҳани жаҳон стандартлари асосида амалга ошириш, ҳар бир босқични сифатли ва ўз вақтида бажариш муҳимлиги қайд этилди.
Хитойлик ҳамкорлар эса амалга оширилаётган тайёргарлик ишларидан мамнун эканликларини билдириб, яқин вақт ичида лойиҳанинг тамал тошини қўйишга тайёр эканликларини маълум қилди.
Маълум қилинишича, янги стадион халқаро талабларга жавоб берадиган 30 минг томошабин сиғимига эга бўлади. Мажмуа ҳудудида кенг автотураргоҳлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, замонавий конференция заллари, спорт-соғломлаштириш марказлари ташкил этилади. Энг муҳими, ижтимоий имконияти чекланган шахслар учун ҳам барча шароитлар яратилиб, инклюзив муҳит шакллантирилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур мажмуа фақат спорт иншооти эмас, балки йирик маданий ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган замонавий марказга айланади. Бу эса Бухоронинг халқаро нуфузини янада ошириш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашув давомида дунёдаги йирик махсус техника ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган XCMG (Xugong Group) компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири