Хитой делегацияси Наманганда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хитой Халқ Республикасининг Тяньцзинь шаҳри раҳбарияти ва ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация айни дамда Наманган вилоятида бўлиб турибди.
Дастлаб, Хитой делегацияси аъзолари эътиборига Давлатобод туманида қад ростлаётган “Янги Наманган шаҳарчаси” лойиҳаси ва қурилиш жараёнлари тақдимот қилинди.
Янги барпо этилаётган замонавий шаҳарча лойиҳаси хитойлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди ҳамда келажакда ҳамкорликда ишлаш бўйича келишиб олинди.
Ташриф давомида хитойлик ишбилармонлар Давлатобод туманидаги “Ёшлар”, “Юксалиш” ҳамда “Кушон” кичик саноат зонасидаги “Glass Expo”, “Paper Boks Invest”, “Botir Muhammadali”, “Flat Tayl”, “Santex Dizayn” МЧЖлар фаолияти билан танишди.
Хитойликлар эътиборига тушган “Fazman tekstil” корхонаси тикувчиликка ихтисослашган бўлиб, лойиҳа қиймати 40 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш учун Германия ва Туркия давлатларидан замонавий асбоб-ускуналар келтирилган бўлиб, бу ерда йилига 1 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади, йиллик экспорт ҳажми 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 3 минг нафар янги иш ўрни яратилади.
[gallery-18000]
Делегация аъзолари шунингдек, Поп туманидаги “Next Solar Energy Group” компанияси томонидан қуриб битказилаётган қуёш фотоэлектр станциясига ташриф буюрди.
Меҳмонларни вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов кутиб олди. Мулоқот давомида икки давлат раҳбарларининг дўстона келишувлари борасида сўз юритилиб, ҳар бир соҳа кесимида ҳамкорлик қилиш истаги билдирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА